Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қарорда акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига 2020 йилдан бошлаб давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналарининг МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашга ўтиш жадвалини ҳар йили тасдиқлаш ва 1 июнга қадар расмий веб-сайтида эълон қилишни таъминлаш топширилди.

Молия вазирлиги МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Бунинг учун вазирлик тузилмасида махсус бўлим ташкил этилади.

2020−2025 йиллар давомида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, малака ошириш, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда ўқитиш, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида Ўзбекистонда дастлабки рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтказиш харажатлари республика бюджети ҳисобидан қопланади.

Халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорлар олий таълим муассасалари магистратурасининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқига эга бўлади.