Ўзбек дубляжининг ёрқин вакилларидан бири Ғайбулла Ҳожиев 64 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таниқли кино, театр ва дубляж актёри 1956 йилда Бухоройи Шарифда туғилган. 1973−77 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган.

1976 йилда Аброр Ҳидоятов театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган.

Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакр Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг Меҳробдан чаён" спектаклида Солиҳ маҳдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб рангбаранг роллар ижро этган.

Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда мунтазам иштирок этган.

Ғайбулла Ҳожиев «Уқубат», «Шаббона», «Умид», «Оқпадар» каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган, Актёр «Шайтанат» телесериалида Аҳмадбей ролини ўйнаган.