25 февраль куни Ўзбекистон Ҳарбий судида собиқ бош прокурор Отабек Муродов ва ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев, унинг ўринбосари Жаҳонгир Игамовларга нисбатан жиноят иши бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва уларга суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи О. Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

«Судланувчи О. Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди», — дейилади хабарда.

Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олингани маълум қилинди.

Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суднинг ҳукмига кўра, И. Абдуллаевга 19 йил, Ж. Игамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.