Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Мубарак узоқ давом этган касалликдан сўнг 91 ёшида вафот этди, деб хабар берди РИА Новости мамлакат давлат телевидениесига таяниб.
Январь ойи охирида собиқ давлат раҳбари ошқозонидаги ўсимтани олдирган эди. Соғлиғи ёмонлашгандан сўнг, у ҳарбий касалхоналардан бирида жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳусни Муборак 1981 йилда ҳокимиятга келган ва Мисрни 30 йил бошқарган. 2011 йил февраль ойида рўй берган оммавий намойишлар ортидан истеъфога чиқди.
Мисрнинг собиқ раҳбарига қарши бир нечта, жумладан коррупция ва намойишчиларнинг ўлими бўйича жиноят ишлари қўзғатилди. Сиёсатчи қарийб олти йил қамоқда ўтирди ва 2017 йилда озод қилинди.