I.J.O. xususiy bandlik agentligi хусусий бандлик агентлиги 2019 йил давомида фуқаролардан 45 млн сўмдан олиб, уларни чет элга юбормагани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «I.J.O. xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Ш. А. ва бошқалар Дания ва Швейцария давлатларига ишга юбориш важи билан 61 кишидан жами 2,6 млрд сўмни жамиятнинг банк ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан олгани аниқланди.

Бундан ташқари, жамиятга алоқадор шахслар 2019 йилнинг июль ойида Корея Республикасига ишга юбориш важи билан 4 нафар фуқаронинг 16,5 минг доллари ҳамда 125 млн сўм пулини қўлга киритиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.

Мазкур ҳолат юзасидан «I.J.O. xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Ш. А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.