Ўзбекистон Молия вазирлиги президентнинг тегишли фармонига мувофиқ шаҳар ва қишлоқ жойларида уй-жойларни қуриш ва ипотека кредити орқали сотишнинг янги тартибини эълон қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири Молия вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Унга кўра, уй-жой қиймати майдон кенглиги билан нархланади. Нархлар эса учта категорияда 1 квадрат метр учун тақдим этилган: қишлоқ жойларда (4,3 млн сўм), шаҳарда (5 млн сўм), Тошкент шаҳрида (5,5 млн сўм). Масалан, икки хонали намунали хонадон учун (45 кв. м бўлган тақдирда) қишлоқ жойларда 193 млн 500 минг сўм, шаҳарда 225 млн сўм, Тошкент шаҳрида эса 247 млн 500 минг сўм тўланади. Режалаштирилган уй-жойнинг чегараланган майдони ва қиймати ўрнатилмайди.

Қишлоқ жойларда уй-жойлар Андижон, Бухоро Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда қурилади (жами хонадонлар сони 4000та).

Шаҳарларда уй-жойлар Қорақалпоғистон, вилоятлар шаҳарлари ва Тошкент шаҳрида қурилади (жами 13 минг 750та).

Кўп квартирали уй-жойнинг қурилиши қишлоқ жойларда ҳам, шаҳарларда ҳам тадбиркорлик субъекти томонидан ўз маблағлари, тижорат банкларидан олинган кредитлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган, ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларига чиқиш имкониятига эга бўлган ва аҳоли зич яшайдиган жойлашган бўш ер ажратилади.

Тортиб келинадиган муҳандислик коммуникациялари марказлаштирилган манбалар ҳисобидан ҳамда тегишли равишда «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Таъкидланишича, шаҳарларда ипотека кредитининг энг кўп миқдори 80 фоизгача бўлиши мумкин. Қишлоқ жойларида қурилган уй-жой учун ипотека кредити 90 фоизгача тақдим этилади. Яъни ипотека шартлари билан уй-жой сотиб олмоқчи бўлган шахс хонадон умумий қийматидан 10 фоиз (қишлоқ жойларида) ёки 20 фоизни (шаҳарларда) тўлаши лозим. Масалан, уч ва ундан кўп хонали квартира учун (58 кв. м бўлган тақдирда):

  • қишлоқ жойларида уй-жойнинг бошланғич бадал тўлови 24 млн 940 минг сўм;
  • шаҳарларда 58 млн сўм (субсидия берилган тақдирда 29 млн сўм);
  • Тошкентда 63 млн 800 минг сўм (субсидия берилган тақдирда 31 млн 900 минг).

Субсидия пули паст даромадли ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган 13 мингдан ортиқ оилага бюджетдан ажратилади.

Субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисоб-варағига ўтказилган маблағлар.

Қишлоқ жойларда субсидия ипотека кредити фоизининг бир қисмини тўлаш учун, шаҳарларда эса ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларини бир қисмини тўлаш учун ажратилади. Бунда:

  • қишлоқ жойларда — 2400 оилага биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисми учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига бюджетдан субсидиялар ажратилади;
  • шаҳарларда — 10,8 минг оилага ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисми учун бюджетдан субсидиялар ажратилади.

Паст даромадли ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган аҳолининг алоҳида тоифаларига қуйидагилар киритилади:

  • уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар;
  • оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин- қизлар;
  • ёшлар иттифоқи;
  • меҳнат мигрантлари;
  • етимлар;
  • оғир касалликка чалинганлар ва ногиронлар.

Ипотека кредити 15 йил муддатга банклар томонидан расмийлаштирилади. Кредитнинг фоиз ставкаси бозор шартлари асосида 20 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Субсидия ажратиш масаласида ҳудудлардаги Давлат хизматлар агентлигига 1 мартдан эътиборан мурожаат қилиш мумкин.