Германияда 21−23 февраль кунлари дзюдо бўйича Дюсселдорф-2020 JF World Judo Tour — Катта дубулға турнири бўлиб ўтди. Олимпиада саралашининг рейтинг очколари учун 117 мамлакатдан 676 иштирокчи ташриф буюрди.

Ўзбекистонлик дзюдочилар Давлат Бобонов (-90 кг) ва Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) олтин медалларни қўлга киритди, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Олий мукофот учун курашда Давлат Бобонов украиналик дзюдочи Кежау Нябали билан куч синашди. Икки вазари эвазига Ўзбекистон вакили «олтин»га сазовор бўлди.

Муҳаммадкарим Хуррамов 2016 йилги Олимпиада финалчиси, Озарбайжон вакили — Элмар Гасимов билан курашга киришди. Қўшимча вақтда ўзбекистонлик дзюдочи курашни ўз фойдасига ҳал қилди ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун иккинчи олтин медални қўлга киритди.

Фото: Ўзбекистон МОҚ

Бобонов ва Хуррамов учун бу Катта дубулға турнирининг биринчи финали ва биринчи олтин медалидир. Иккала спортчи ҳам Токиодаги 2020 йилги Олимпиада ўйинларининг 1000 рейтинг очколарини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди.