Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар натижалари тўғрисида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига парламент сўровини юборди.

Маълум бўлишича, мамлакатнинг 115 университетида 356 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда. Ўқиш вақтида улар яшаши учун 208 ётоқхона фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда уларда 53 мингга яқин талабалар истиқомат қилмоқда, 103 мингдан ортиғи ижарага квартира олган, 200 мингга яқини эса ўз уйларида истиқомат қилишмоқда. 68 мингдан ортиқ талабалар ётоқхоналарга муҳтож.

Олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2016−2019 йилларда олий таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш дастури доирасида ҳар бири 1600 ўринли тўртта ётоқхона қурилган, 28 таси реконструция қилинган, 185 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, жиҳозлари билан таъминланган.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, 2020−2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чоғида 4610 ўринли 13 та ётоқхонани қуриш ва 35 тасини реконструкция қилиш таклиф қилинган.

Хусусан, Урганч давлат университетида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан сентябрь ойида янги ўқув йили бошланиши билан фойдаланишга топшириладиган 500 ўринли янги ётоқхона қурилмоқда.

«Олиб борилаётган ишларга қарамай, талабаларнинг маълум қисми квартирани ижарага олишга мажбур. Вазирлик маълумотларига кўра, 68 354 нафар талабани қамраб олиш учун ҳар бири 400 ўринли 170 та ётоқхона қурилиши керак. Бунинг учун деярли 3 трлн сўм ($ 314,8 млн) керак бўлади», дейилади баёнотда.

2030 йилга келиб университетларга қабул квотасининг 50 фоизга ошишини ҳисобга олсак, келаси 10 йил ичида яна 300 та ётоқхона қурилиши керак, деб таъкидлайди Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Олий таълим вазирлиги Жанубий Корея ва Япония тажрибасини ўрганиб чиқиб, вилоят марказларида «янги турдаги» ётоқхоналарни ташкил этиш таклифини илгари сурди. Шу мақсадда вазирлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилиш, имтиёзли кредитлар ва қурилиш учун бепул ерлар ажратиш орқали тадбиркорларни уларни қуриш ишларига жалб этишни таклиф қилди.

«Бош вазир топшириғига биноан Тошкентда давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхона қурилиши тўғрисида эълон қилинди. Аммо ҳозирга қадар бирон бир тадбиркор бундан фойда йўқлиги сабабли бу эълонга жавоб қайтармади», — дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ушбу йўналишдаги ишларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатган.