Янгиликлардан ва атрофимиздан тез-тез янги бизнес марказлари, турар жой мажмуалари ёки ҳатто истироҳат боғлари ва хиёбонлар (баъзида дарахтларсиз) қурилаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб қоламиз, бироқ болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар ва жамоат кутубхоналари қурилгани ҳақидаги батафсил маълумотларни камдан-кам пайқаймиз. Аслида эса уларнинг инсон капитали ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, уларга бўлган талаб, ҳақиқатдан ҳам, жуда юқори. Ушбу мақолада жамоат кутубхоналарига эътибор қаратишни хоҳлардим.

Ўқишда давом этишдан аввал сизга туманингиз, шаҳрингиз ёки ҳудудингизда жамоат кутубхонаси борми, эслашга уриниб кўришни таклиф қилган бўлардим. У ерга охирги марта қачон боргансиз?

«Иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашингиз учун сизларга маълумотли, соғлом ишчи кучи лозим». Бу Гарвард университети профессори, 1998 йилда фаровонлик иқтисодиёти ва ижтимоий танлов назариясига қўшган ҳиссаси, шунингдек, жамиятнинг энг қашшоқ аъзолари муаммоларига бўлган қизиқиши учун иқтисод бўйича Нобел мукофоти совриндори Амартья Сендан олинган иқтибос.

Профессор Амартья Сен илгари сураётган асосий ғоя шундан иборатки, ҳукумат барқарор иқтисодий ўсишга эришишни истаётган бўлса, у ҳолда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларига диққат қаратиши лозим. Бусиз қолган барчаси бефойда.

Биз таълим ва соғлиқни сақлашнинг инсон ҳаёти ва мамлакат тақдиридаги аҳамиятини инкор эта олмаймиз. Ушбу соҳалар катта куч ва сармояларни талаб қилади ва натижаларни қисқа муддатли истиқбода намоён этмайди. Ўзбекистонда эса тармоқлар бўйича асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажмидан, манбаларга кўра, 2019 йилда бор-йўғи 5,2 фоиз сармоялар таълим ва соғлиқни сақлашга йўналтирилди.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича асосий капиталга киритилган сармоялар (2019 йил январь-декабрь)

Қайта ишлаш саноати

27,1%

Тоғ-кон саноати

11,7%

Электр таъминоти ва газ етказиб бериш

10,8%

Турар жой қурилиши

10,2%

Бошқалар

10,1%

Қишлоқ хўжалиги

8,0%

Ташиш ва сақлаш

6,0%

Улгуржи ва чакана савдо

3,1%

Қурилиш

2,8%

Таълим

2,6%

Соғлиқни сақлаш

2,6%

Сув таъминоти ва канализация

2,2%

Ахборот ва алоқа

1,7%

Касбий, илмий ва техник фаолияти

1,1%

Шу ўринда, давлат таълими учун бюджетдан етарлича маблағ ажратмаслигимиз ҳақида кенг тарқалган фикрлар ҳам мавжуд. Ваҳоланки биз таълим учун давлат харажатлари энг юқори бўлган давлатлар рўйхатидан ўрин олганмиз.

Бюджетдан таълим учун ажратилган давлат харажатлари (фоизларда, 2017−2018 йилги маълумотлар)

1. Сьерра-Леоне

30,2%

2. Иордания

28,5%

3. Коста-Рика

26,1%

4. Гватемала

23,7%

5. Ўзбекистон

23,0%

6. Гондурас

22,9%

7. Бутан

22,8%

8. Сенегал

21,6%

9. Чили

21,3%

10. Белиз

21,3%

Манба: Жаҳон банки.

Ҳар хил одамлар, жумладан, амалдорлар ва экспертлар баъзида бензин, автомобиллар, коммунал хизматлар нархлари, киши бошига бир йилда қанча гўшт истеъмол қилиниши ваҳоказолар бўйича Ўзбекистонни бошқа давлатлар билан таққослайди. Бироқ оммавий муҳокамалар даражасига олиб чиқиш шарт бўлган жуда муҳим қиёслаш ҳам бор, у — таълим сифати. Аввалроқ биз миқдор нуқтаи назаридан вазиятни кўрсатиб берган эдик, ундан кейин ижобий ҳаракатлар режаси кўзга ташланди ва мана, таълим сифатини тубдан яхшилаш вақти ҳам келди.

Ҳар биримизни ташвишга солиши керак бўлган оддий савол: университетга кира олмаган 90 фоизга яқин ёшлар таълимдаги бўшлиқни қандай қилиб тўлдириши мумкин? Наҳотки уларда университет ташқарисида таълим олиш имконияти бўлмаслиги керак?

Бугунги кунга келиб университет дипломларининг қадри пасайиб, одатий синф хоналаридан ташқарида эгаллаш мумкин бўлган кўникмалар, ҳақиқатдан ҳам, муҳим бўлиб бормоқда. Айни шундай ҳолатда жамоат кутубхоналари билимга чанқоқ ёшларимизни ўзига жалб қилиши лозим ва уларнинг бошқа борадиган жойи ҳам йўқ.

Тарихимиз ва ҳозирги иқтидорли ёшлар жамиятимизда улкан таълимий салоҳият мавжудлигини тасдиқлайди. Масала шундаки, энг яхши ва асосийси, барча учун тенг имкониятларга эга таълим барпо эта оламизми?

Нима учун кутубхона?«Парк Вилла-Лобос» кутубхонаси, Сан-Паулу, Бразилия. Фото: pita.arq.br.

Сиз дунёнинг бошқа давлатларида ишсиз одамлар бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни қаердан олишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Талабалар арзон тил курслари ҳақидаги маълумотларни қаердан оладилар? Ота-оналар фарзандларининг тарбияси ва ривожланиши учун ўқув манбаларини қаердан топишади? Кексалар компьютер ва интернет саводхонлигини қаерда ўзлаштира оладилар? Сайёҳлар қаерда интернетга уланган компьютерларида ўз юмушларини бажариб, чоп этишлари, сканер қилиб олишлари ёки факс орқали жўнатишлари мумкин? Талабалар қаерда уй ёки университетлардан ташқарида тинч жой топиб, дарс қилишлари мумкин? Қаерда мактабгача ёшдаги болалар ўз тенгдошлари билан мулоқотга киришиб, таълимий ўйин ва машғулотларда иштирок эта оладилар? Қаерда турли ижтимоий мақомдаги одамлар бир жойга тўплана оладилар? Қаерда одамлар ўз ишларини яратиб, намойиш этиш, ғоя алмашиш имкониятига эга? Қаерда одамлар китоб олиб, уларни ўқиш ва алмаштиришлари мумкин? Ва энг асосий савол: қандай қилиб буларнинг барчасини битта жойда топиш мумкин ва бунинг устига мутлақо бепулга?

Жавоб: жамоат кутубхоналарида. Ва бу кутубхонанинг асос вазифаси фақатгина китоб бериш эмас, балки маълумотлар тақдим этишдан ҳам иборат эканини тасдиқлайди.

Кутубхоналарнинг болалик даврларимизда ҳозиргидан анча зерикарли бўлгани ҳамда биз у ерни китоб ўқишдан бошқа нимадир қила олиш мумкин бўлган жой сифатида тасаввур қила олмаслигимиз — ҳақиқат. Бироқ дунёдаги замонавий жамоат кутубхоналари, бу — нафақат китоб ўқиш, балки ишлаш, концерт тинглаш ва томоша қилиш, маърузалар қилиш, ҳамфикрлар билан учрашиш ва ижод қилиш мумкин бўлган маскандир.

Калгари марказий кутубхонаси, Канада. Фото: Фарҳод Файзуллаев.

Бошқа ҳеч қайси муассаса, у хоҳ давлат, хоҳ хусусий бўлсин, қандайдир сабабларга кўра маълумотли бўла олмаган инсонлар таълимидаги бўшлиқни жамоат кутубхоналаричалик тўлдира олмайди. Шундай экан, меҳнат самарадорлигига эришишда уларнинг ҳиссасини муносиб баҳолаш лозим.

Бу ер давлат, хусусий ва нотижорат секторлар умумий мақсадларга эришиш учун биргаликда ишлай оладиган жойдир. Ва мен кутубхоналар эшиклари ҳар доим ланг очиқ бўлишини, деворлар билан ўраб олинмаган, улкан очиқ залли ва шаффоф деразали бўлишини орзу қиламан.

Жамоат кутубхоналари одамларнинг ўзаро муносабатга киришиш шаклларини белгилаб берадиган «ижтимоий инфратузилма» деб айтишимиз мумкин бўлган маконларга ёрқин мисол бўла олади. Улар шунчаки китоблар ва бошқа маданий воситалардан фойдаланиш имкониятини тақдим этиб қолмайди, балки бундай жойларда кексалар учун қизиқишларига мос компьютер машғулотлари, ота-оналар учун болаларга таълим-тарбия беришни ўргатиш курслари, барча учун турли тил курслари, маъруза қилиш, суҳбат ва музокаралар ўтказишга мўлжалланган жойлар, эфирлар тайёрлаш учун мультимедиали муҳит, бадиий галерея, болалар ўйнаши ва ривожланиши учун майдончалар мавжуд.

Қизиқарли томони шундаки, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда меҳмонхоналар сони жамоат кутубхоналари сонига қараганда тўрт мартага кўпроқ экан. Жамоат кутубхоналари сони аслида камроқ бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки уларнинг барчаси ҳам тўлақонли фаолият кўрсатаётгани йўқ. 2018 йилда биз 2020 йилга бориб яна 300 та янги меҳмонхона қурилиши ҳақидаги хабарларни ўқигандик. Яқин келажакда қанча янги жамоат кутубхоналарини қуришни режалаштираётганимизни ҳам билиб олсак яхши бўлар эди. 1991 йилдан буён нечта кутубхона қурганимизни билиш янада муҳимроқ.

Барча учун кутубхона

Жамоат кутубхоналари барча учун ва ҳар доим очиқ бўлиши керак. Улар даромад олиш мақсадини кўзламаслиги ёки мансабдорлар олдида ҳисобот бермаслиги керак. Шунингдек, жамоат кутубхоналари вазирлик ёки ҳокимиятлар томонидан эмас, балки жамоатчилик томонидан бошқарилиши ҳамда ҳар қандай бюрократик масалалардан узоқ тутилиши зарур.

Зеро одамлар бир-бири билан мулоқот қила олишлари учун жамоат кутубхоналаридан яхшироқ жой йўқ. Бизда улар аҳолининг барча қатламлари учун маълуму машҳур бўлган жой бўлиши керак. Камбағаллар ва бойлар, маълумотлилар, маълумотли бўлиш истагида юрганлар, ишсизлар, ёшлар ва катта ёшлилар, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар — том маънода ҳар ким уларнинг ресурсларидан фойдалана олиши керак.

Кутубхоналар китоб клублари, кино оқшомлари, тикув-тўқув тўгараклари, санъат билан шуғулланиш, кундалик воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш каби имкониятлари билан кексалар, айниқса ёлғиз қариялар учун маданий фаолият юритиш учун қулай маскандир. Бу жойлар турли авлод вакилларининг ўзаро мулоқоти учун жуда ҳам мосдир. Улардан кўпчилиги учун кутубхона, бу — асосий вақтини ўтказадиган муҳим жой. Бироқ, афсуски, бундай жойлардан ҳозирча бизда йўқ.

Бу ер болаларга одоб-ахлоқни ўргатиш учун жуда яхши жой. Кутубхоналар болаларга жавобгарлик маданиятини — қарздорлик, ошкора равишда нима ҳақдадир ғамхўрлик қилиш ҳамда улардан бошқалар ҳам фойдалана олишлари учун қайтариб бериш нима эканини ўргатган ҳолда уларда ўзлари ва теварак-атрофдагилар олдида жавобгарликни ҳис қилишни ўзлаштиришга ёрдамлашади. Кутубхонадан фойдаланиш, бу — билганларини бошқалар билан бўлишиш ҳамда кўпчиликнинг манфаати учун муносиб шаклда ҳаракат қилиш одатларини ўзлаштириш демакдир.

Калгари марказий кутубхонаси, Канада. Фото: Фарҳод Файзуллаев.

Жамоат кутубхоналари мактабдан кейинги вақтини тенгдошлари билан ўтказишни хоҳлаган ўсмирлар ўртасида ҳам кенг оммалашади. Бунга сабаблардан бири — уларнинг доимо очиқ, ҳаммабоп ва бепул бўлишидир. Кутубхоналар турли мактабларда ўқийдиган болаларнинг ўзаро мулоқотини яхшилайди.

Жамоат кутубхоналари гендер тафовутларни қисқартиришга ёрдамлашувчи дастурларга эга бўлиши мумкин. Бу ер қизлар ва аёллар ўзларини эркин ҳис қиладиган, компьютер, интернет ва технологик таълим олиш имкониятига эга бўлган жойдир. Жамоат кутубхоналари тизими бутун дунёда, масалан Уганда, Гондурас, Украина, Колумбияда мақсадли дастурлар ёрдамида АКТдан фойдаланишдаги гендер тафовутларни бартараф этишдаги аҳамиятини аллақачон намоён этиб улгурди. Маиший зўравонликдан азият чекадиган айрим болалар учун уйга вазифалар ёки топшириқларни бажаришлари учун тинч жой керак. Жамоат кутубхоналари бу каби болалар ва уларни «кўча ҳаётидан узоқроқ тутиш» учун ўзига хос бошпана вазифасини бажариши мумкин.

Рақамли технологиялар даврида кутубхоналар

Технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқурроқ кириб бораётган бир вақтда, кутубхоналар «шахсият инқирози»ни бошдан кечирмоқда. Интернет замонида улар долзарблигини йўқотади, деган тушунчалар пайдо бўлиши мумкин, бироқ аслида улар мислсиз даражада оммалашиб, ўзида ўта муҳим ижтимоий институтларнинг намоён этади.

Такрорлайман, жамоат кутубхонаси деганда китоб жавонлари жойлаштирилган хоналар, китоб дўконлари ёки умумий фойдаланишдаги пулли идора/жойларни назарда тутаётганим йўқ. Кимдир мактаб ошхонаси, университет кутубхоналари, ижод уйлари ёки пулли коворкинг марказлар ҳам борлигини айтиши мумкин, лекин уларнинг ҳеч бири жамиятга жамоат кутубхоналаричалик фойда келтирмайди.

Кутубхоналарнинг жамият ва шаҳарлар ривожига қўшадиган ҳиссаси кўплаб мамлакатларда олий ҳокимиятлар даражасида тан олинган. 2016 йилда Пью тадқиқот маркази томонидан олиб борилган изланишга якунларига кўра, 16 ва ундан катта ёшдаги америкаликларнинг ярмига яқини йил давомида жамоат кутубхонасидан фойдаланган, учдан икки қисми эса маҳаллий кутубхонанинг ёпилишини жамиятга жиддий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди.

АҚШда 2016 йилда «Миллениал» авлод вакилларининг ярмига яқини жамоат ёки ҳаракатланувчи кутубхоналарга ташриф буюрди.

Сўнгги 12 ой давомида кутубхоналарга ташриф буюрган турли давр вакиллари (фоизда)

Жамоат кутубхоналари/китоблар

Миллениаллар (18−35 ёш) — 53

«X» авлод — 45

«Бэйби бумерлар» (52−70 ёш) — 43

«Silent» авлоди (71−80 ёш) — 36

Жамоат кутубхоналари веб-сайтларига ташриф

Миллениаллар (18−35 ёш) — 41

«X» авлод — 33

«Бэйби бумерлар» (52−70 ёш) — 24

«Silent» авлоди (71−80 ёш) — 11

Манба: Pew Research Center, 2016 йилнинг 29 сентябридан 6 ноябрига қадар ўтказилган тадқиқот.

Кутубхоналарга бориш Қўшма Штатларда энг кенг тарқалган маданий фаолият турларидан бири ҳисобланади. 2019 йилда АҚШда 18 ёшдан катталар кутубхоналарга хордиқ чиқаришнинг бошқа одатий турларига нисбатан ўртача 10,5 марта кўпроқ ташриф буюрганини маълум қилди.

Интернетсиз имкони йўқ

Интернетнинг кунимиздаги аҳамияти ҳамда унинг таълим-тарбияга таъсирига тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ. Мобил интернет тезлиги бўйича мамлакатлар рейтингига қарасак, Ўзбекистон фақатгина Руанда, Судан, Венесуэла, Жазоир, Афғонистон ва Фаластинни ортда қолдирган ҳолда 140 мамлакат орасида 134- ўринда эканини кўрамиз. Бу мамлакатимиз учун, айниқса барча соҳалар ривожланаётган бир вақтда, мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Бошқа томондан эса Ўзбекистон кенг полосали алоқа бўйича рейтингнинг 104- поғонасини банд этмоқда.

Интернет тезлиги бўйича глобал рейтинг

Ўрни

Мамлакат

Мбит/с

131

Сальвадор

10,32

132

Тожикистон

10,30

133

Ироқ

9,81

134

Ўзбекистон

9,51

135

Руанда

9,07

136

Судан

8,60

137

Венесуэла

8,35

138

Жазоир

7,88

139

Афғонистон

6,82

140

Фаластин

6,17

Манба: SpeedTest Global Index.

Бугунги кунимизда интернет овқат, уй-жой, электр энергияси каби бугунги кунимизнинг асосий эҳтиёжларидан бирига айланган экан, нима учун биз уни яхшилай олмас эканмиз? Жамоат кутубхонаси ишончли ва тезкор интернетга уланмасдан туриб фаолият кўрсата олмайди.

Мобил интернет билан бирга, кенг полосали интернет тезлиги ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги боғлиқликни исботлаб берган кўплаб тадқиқотлар мавжуд. Масалан, ривожланаётган мамлакатларда кенг полосали интернетга уланишнинг 10 фоизга ўсиши аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ улушининг 1,4 фоизга ўсишига олиб келади. 2017 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 кишидан 10 нафари 256 кбит/с тезликдан юқори тезликдаги кенг полосали интернетга уланиш имкониятига эга бўлган.

Пул масаласи нима бўлади?

Ушбу кутубхоналар фаолияти асосан солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштирилади, худди солиқ тўловчилар мактаблар, шифохоналар, ўт ўчириш хизматлари, истироҳат боғлари ва йўл ишлари каби бошқа ижтимоий хизматларни молиялаштиргани каби. Сизнинг мактабга борадиган фарзандларингиз бўлмаслиги мумкин, бироқ барибир солиқ тўлайверасиз ва ушбу маблағлар, жумладан, давлат таълим тизими учун ҳам йўналтирилади. Зеро жамиятда барча болаларнинг таълим олиши бутун мамлакат келажаги учун муҳим экани айни ҳақиқатдир.

Ўйлайманки, бу босқичда бизга меҳмонхоналар, анжуман заллари (бир ойда бир марта фойдаланамизми-йўқми) ва ҳаттоки бизнес марказлари ҳам эмас, кўпроқ мактаблар, университетлар, шифохоналар, истироҳат боғлари (дарахтлари билан) ва жамоат кутубхоналари зарурроқдир. Айримлар меҳмонхоналар ва аҳмоқона бинолар сайёҳларни жалб қилади, деб айтиши мумкин. Лекин аслида бундай эмас. Сайёҳлар асл Ўзбекистон, унинг тарихи ва одамларини кўриш учун келади.

Жамоат кутубхоналари бошқа жойларни бир қилгандан ҳам кўпроқ саёҳатчиларни жалб қилиши мумкин. Масалан, 2014 йилда диққатга сазовор жойларга бой бўлган Нью-Йоркда жамоат кутубхоналарига барча профессионал спорт ареналари, бадиий санъат марказлари, музейлар, парклар ва ҳайвонот боғларини битта қилгандан ҳам кўпроқ одам ташриф буюрди! 30 миллион ташриф буюрувчига қарши 37 миллион киши. Ишониш қийин, шундай эмасми?

Яна бир қизиқарли факт: Қўшма Штатларда жамоат кутубхоналари сони McDonald’s ресторанлари ва Starbucks қаҳвахоналари сонидан кўп!

Жамоат кутубхоналарини қуриш бизнес марказлари каби миллиардлаб долларни талаб қилмайди, эҳтимол, ҳатто миллион доллар ҳам керак бўлмайди. Бироқ жамоат кутубхоналарининг ROI (return on investment) кўрсаткичлари мислсиз даражада. Айрим манбаларга кўра, жамоат кутубхонасига сарфланган ҳар бир доллар 10 долларгача даромад келтиради. Бу ҳақиқатдан ҳам улкан сармоявий имконият! Масалан, Сан-Франциско жамоат кутубхоналари тизимига киритган ҳар бир доллардан 5 дан 9 долларгача миқдорда «даромад» олади.

Мисоллар

Сизга таниш бўлган яна бир мисол — Москва — ҳозирда кутубхона маданияти марказларидан бири ҳисобланади. Яқин вақтларгача бу маданият ўтмишдан қолиб кетган сарқитдек туюлар эди. Бироқ Москва кутубхоналари собиқ иттифоқ даври муассасаларидан XXI аср инсонлари ишлаши учун жонли масканларга айланишнинг уддасидан чиқа олди.

Moscow’s Fyodor Dostoevsky Library. Фото: Lucian Kim/NPR.

Олмаотада мавжуд барча кутубхоналарни таъмирлаш ва уларни жамоат масканларига айлантириш, янгиларини барпо этишга қарор қилинди. Ганада эса корхоналар кутубхоналарга интернетга уланишларига ёрдамлашади, Сербияда жамоат кутубхоналари аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга кўмаклашади.

АҚШда улар жамиятнинг турли қатламларидан бўлган муҳожирлар инглиз тилидан мутлақо бепулга сабоқ олади. Нима учун биз ҳам худди шундай кўринишда барча учун бепул ўзбек тили машғулотларини ташкил эта олмас эканмиз? Бу «Ўзбекистонда ҳамма ўзбек тилида гапириши керак», деган руҳда оммавий ташвиқот қиладиганларга амалда ўз ҳиссаларини қўшишлари учун ҳам ёрдам берган бўлар эди. Юқорида санаб ўтилган барча дастурлар — аёллар таълими, болаларни ривожлантириш, кексаларнинг компьютер саводхонлиги, дастурлаш, 3D моделлаштириш, тикувчилик ва бошқалар — кутубхона ҳаётини тўлдириши мумкин.

Ғоя жуда оддий. Масалан, Тошкентда ҳар бир туманда ўзининг жамоат кутубхонаси ҳамда битта шаҳар марказий жомоат кутубхонаси бўлиши керак. Фарғона, Навоий, Бухоро ва бошқаларда ҳам худди шу сингари. Энг асосийси, ушбу кутубхоналар қандайдир маҳалла гузари ёки маъмурияти шаклида бўлмаслиги керак, улар ҳеч қандай бюрократия, жумладан аъзолик ва ҳомийлик кабилар билан боғлиқ бўлмаслиги лозим. Кутубхоналар одамларнинг ўзлари томонидан бошқарилиши ва одамларга хизмат қилиши лозим. Эҳтимол, ҳар қандай жамиятда шаҳар кутубхонасичалик демократия ҳукмрон бўлган жойни топиб бўлмасдир. Бу ерга кириш учун ягона талаб — қизиқиш бўлиши керак.

2019 йилда Миллий кутубхона ҳузурида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишини жамоат кутубхоналари маданиятини шакллантириш борасидаги яхши қадам деб ҳисоблайман. Ва ушбу янги кутубхоналар навбатдаги китоблар кўргазма зали ва зерикарли йиғилишлар ўтказиладиган жой бўлиб қолишини эмас, балки барчани бирлаштирадиган ва юқорида айтиб ўтилган хизматларни таклиф қиладиган маскан бўлишини хоҳлардим. Бу янги туғилган ғоя эмас — ҳозирда фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 1870 йилда Тошкент жамоат кутубхонаси сифатида ташкил этилган.

Аминманки, кутубхоналар учун китоб излаш муаммо бўлмайди. Бутун дунёдаги кўплаб кутубхоналар ва жамғармалар китоблар тақдим этишдан мамнун бўлади; одамлар ўз китобларини келтиришади ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошлармиз ҳам жон деб китоб жўнатишлари мумкин.

Хельсинкидаги «Ооди» марказий кутубхонаси, Финляндия. Фото: Varlamov.ru.

Хельсинкидаги «Ооди» марказий кутубхонаси, Финляндия. Фото: Varlamov.ru.

Ҳаётий зарурат

2019 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизи 10 ёшгача бўлганлар ва 55 фоизи 30 ёшдан кичиклардир. Уларга таълим бериш ва уларни ишга жойлаштириш имкониятлари мамлакатимиз келажагини белгилайди.

Солиққа тортиш, адлия, инвестиция, туризм, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, молия тизими (истаган соҳа номини келтиринг!) — ҳар қандай соҳанинг ривожланиши таълимга тўғридан-тўғри боғлиқ. Бунда жамоат кутубхоналари муҳим рол ўйнаши мумкин. Шубҳасиз, одамлар ҳали ҳам электр, газ, озиқ-овқат, уй-жой, иш билан таъминлашда муаммоларга дуч келган шаҳар ёки туманларда жамоат кутубхоналари ғояси кераксиздек бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, бу бутунлай бошқа масала.

Келинг, бир сония бўлса ҳам Ўзбекистонни қандай қиёфада кўришни хоҳлашимиз ҳақида ўйлайлик. Ўзингиз учун, саёҳатчилар учун, сармоядорлар учун. Фақат мазали мевалар ва паловми? Бизга шунчаки мерос бўлиб қолдирилган тарихий жойлар ва тарихий биноларми ёки? Шаҳарларимиз марказларидаги янги замонавий меҳмонхоналар ва ишбилармонлик марказларими? Бошқачароқ фикрда бўлишингиз ҳам мутлақо табиий ҳолат. Бироқ, ўйлайманки, биз биргаликда қуришимиз мумкин бўлган самарали таълим тизимидан бошқа ғурурланиш мумкин бўлган нарсанинг ўзи йўқ.

Сўнгги сўз сифатида иқтисодий ўсишни таъминлайдиган ва бошқа ҳар қандай соҳаларга ўз таъсирини кўрсатиб турадиган учта асосий соҳа борлигини эслатишни хоҳлардим. Улар: таълим, соғлиқни сақлаш ва қонун устуворлиги. Қолган барчаси иккинчи даражали.

Муаллиф фикри таҳририят фикрига мос келмаслиги мумкин.

Ботир Қобилов

Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси. Дьюк университетида (АҚШ) иқтисод бўйича магистр даражасига эга. Илгари у Ўзбекистон Марказий банкида етакчи иқтисодчи бўлиб ишлаган.