Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Яккасарой тумани, Ю.Ражабий кўчаси 66/1, 66/2, 66/3, 66/4 ҳамда 72-уйлар оралиғи дарахтларнинг кесилиши бўйича жойига чиқиб ўрганилганда қуйидагилар аниқланди, дея хабар қилди бошқарма матбуот хизмати.

Юқорида кўрсатиб ўтилган манзилдаги уйлар оралиғидаги ер майдонида пойтахт ҳокимининг (собиқ ҳоким Раҳмонбек Усмонов) 2018 йил 16 апрелдаги қарори билан Building And Supplies компаниясига кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш учун майдони 0.50 гектар ер доимий фойдаланишга ажратиб берилган. Building And Supplies компанияси эса устав фонди 7 млн сўм бўлган ҳолда 2018 йилнинг 2 февраль куни ташкил этилган.

20 февраль куни мазкур ер майдонида жами 81 дона, жумладан 6 дона «қайрағоч», 3 дона «заранг», 1 дона «акация», 11 дона «айлантус», 24 дона «шумтол», 10 дона «сафора», 3 дона «эман», 9 дона «бруссонетия» (қоғоз дарахти), 14 дона «тут» дарахтлари кесилган.

Хабар қилинишича, Яккасарой туман ҳокимлиги томонидан жами 70 дона дарахтларни кесилиши юзасидан рухсатнома берилган (ҳужжат санаси кўрсатилмаган). Рухсатномада кўрсатилмаган дарахтларнинг ноқонуний кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига 74,7 млн сўм миқдорида зарар етказилган.

Ўтган йилнинг 30 октябридаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматли дарахт ва буталарни кесишга 2020 йил 31 декабрига қадар мораторий эълон қилинган эди. Ушбу давр мобайнида қимматли дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома берилиши тақиқланган.

«Агарда Яккасарой туман ҳокимиятининг дарахтларни кесишга рухсатномаси ноқонуний деб топилса, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 630 млн 421 минг сўмни ташкил этади», — дея қайд этди пойтахт бошқармаси.

21 февраль куни мазкур ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент прокуратурасига тақдим этилди.