Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев 18 февраль куни Тошкентда ўтган мамлакатда давлат ва жамият қурилишининг янги босқичига бағишланган халқаро конференцияда 2020−2022 йилларда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини рақамлаштиришнинг асосий йўналишларини маълум қилди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, вазир кейинги икки йилда 37та корхона фаолиятида рақамлаштириш кенг татбиқ этилишини айтиб, реал сектор тармоқларини рақамлаштиришда қуйидаги устувор уч йўналишни айтиб ўтди:

  • ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни автоматлаштириш, молиявий-иқтисодий фаолиятни автоматлаштириш, моддий-техник ресурсларни ҳисобга олиш ва бошқариш тизимлари (ERP);
  • ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни автоматлаштиришга қаратилган ахборот тизимларни ягона ахборот комплексга жамлаш бўйича дастурий маҳсулотлар;
  • мижозлар билан муносабатларни тартибга солиш, маҳсулотларни электрон тизимлар орқали сотиш, маркетингни бошқариш тизимлари (CRM).

Ботир Хўжаевнинг айтишича, қайд этилган йўналишлар бўйича 2023 йилга қадар умумий қиймати 5,2 трлн сўмга тенг жами 92та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳалар 37та корхона фаолиятига доир бўлиши ҳамда қуйидаги йирик ўзгаришларни назарда тутади:

  • «Олмалиқ КМК» «Ёшлик-1» ва «Қолмоққир» конларида кон транспорт комплексини автоматлаштирилган бошқарув тизими;
  • «Навоий кон-металлургия комбинати» «Мурунтов» конида кон-транспорти комплексини автоматлаштирилган бошқарув тизими;
  • «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг бошқаришга йўналтирилган корпоратив ахборот тизими (ERP), бундан ташқари конлардаги технологик жараёнларни автоматлаштириш ва мониторинг қилиш ахборот тизими;
  • «Ўзтрансгаз» диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси (SCADA).

«Бугунги кунда мамлакатимизда ташкил этилган рақамли майдончалар, яъни рақамли платформаларни чуқурлаштириш ва уларнинг фаолиятини кенгайтириш билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратилади… Тармоқ ривожланиш даражасини кўпайтириш, ошириш ҳисобига шу вазифаларни амалга ошириш назарда тутиляпти», — дея таъкидлади Хўжаев.

Жорий йилда 47та режалаштирилган лойиҳани амалга ошириш учун 1,2 трлн сўм ажратилади. Кейинги йилда бу кўрсаткич 2,1 трлн сўмни ташкил этиб, 23та лойиҳа бажарилади.

Фото: Алишер Рўзиохунов / «Газета.uz».

Вазирнинг қайд этишича, ҳукумат иқтисодиётни рақамли кўринишга трансформация қилишда алоҳида ташкилот тузишни истисно этмайди.

«2011 йилда Германияда алоҳида стратегия қабул қилинган — Industrie 4.0 (рақамлаштириш бўйича ҳукуматнинг ҳаракатлар режаси — таҳр.), АҚШда эса рақамлашган саноатни яратиш учун Industrial Internet Consortium ташкилоти тузилди. Россия Федерациясида „Миллий технологик ташаббус“ деган ташкилот ташкил этиш орқали шу жараённи ривожлантириш масаласи анча тизимли равишда олиб борилган. Албатта, [биз] бу борада ўзимизнинг тажрибага суянган ҳолда, ишимизни ташкил этамиз», — деди у.

Рақамли иқтисодиётнинг етакчи давлатлар ЯИМдаги улуши йил сайин ўсиб бормоқда. Масалан, унинг АҚШ иқтисодиётидаги улуши 10,9 фоиз, Россияда 3,9 фоиз, Ҳиндистонда 5,5 фоиз, Беларусда 6,5 фоиз ва Хитойда 10 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистон рақамли саноат бозорини шакллантириш учун учта муҳим шартни белгилаб олган, дея маълумот берди вазир. Унинг билдиришича, рақамли муҳитни меъёрий тартибга солиш (концепция, дастур ва қонун), инфратузилмавий ривожланиш (data марказ, мобиль, интернет, бизнес ва ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш қурилмалари) ва мутахассисларни тайёрлаш соғлом бозорни яратишда тиргак бўлади.

«Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган технопаркнинг Нукус, Урганч, Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Гулистон шаҳарларида филиаллари ташкил этилади», — дея маълумот берди вазир.

Ботир Хўжаев анжуман давомида ҳукумат тез орада рақамли платформаларни ҳам ривожлантириш ва ишга туширишини маълум қилди. Унинг айтишича, дастлабки эътибор қуйидаги саккизта платформага қаратилади:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
  • Давлат харидлари портали;
  • Электрон кооперация портали;
  • Маҳаллийлаштириш дастури мониторинги;
  • Инвестиция дастурлари мониторинги;
  • Кичик саноат зоналари фаолияти мониторинги;
  • Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари мониторинги;
  • Электрон тўлов тизимлари.

Иқтисодиёт ва саноат вазири фирлари янграган халқаро анжуманда демократик модернизация ва давлат бошқарув фаолияти ҳам таҳлил қилинган. Анжуман ҳақида «Газета.uz» репортажида ўқишингиз мумкин.