21 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида алоҳида гуруҳга мансуб аҳолига даволаниш учун имтиёзли ордер тақдим этиш масаласида учраётган муаммолар таҳлил этилди. «Газета.uz» мухбири иштирок этган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти депутатларга ҳисобот бериб, вазият юзасидан саволларга жавоб берди.

Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика марказларида имтиёз гуруҳларга мансуб аҳолига даволаниш учун ордер бериш ҳукуматнинг (2004 йил ва 2017 йилда қабул қилинган) қарорлари билан тартибга солинади.

Амалдаги қонунчиликка биноан, имтиёз гуруҳларга мансуб аҳолига юқори технологиялар билан жиҳозланган қуйидаги даволаш-профилактика марказларида бюджет ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади:

  • Тиббий ёрдам Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази;
  • Тиббий ёрдам Республика ихтисослаштирилган эндикринология илмий-амалий тиббиёт маркази;
  • Тиббий ёрдам Республика ихтисослаштирилган дермотовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази;
  • Тиббий ёрдам Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази;
  • Тиббий ёрдам Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази.

Барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхатига қуйидаги аҳоли тоифаси киритилган:

  • Болаликдан имконияти чекланган;
  • Чин етимлар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлари;
  • 1941−1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;
  • Чернобиль АЭС фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи имконияти чекланган фуқаролар;
  • Байналминал-жангчилар;
  • Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами;
  • Чақирув комиссияларининг йўлланмалари бўйича чақирув ёшидаги шахслар.

Шунингдек, вазирлик томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича:

  • 18 ёшга тўлмаган патологияли бемор болалар ва ҳомиладор аёллар;
  • эндокрин касалликларга чалинган беморлар;
  • жинсий йўл билан юқтириладиган касалликларга чалинган беморлар;
  • сил касалликлари беморлари;
  • онкологик касалликлари беморлари.

Юқорида қайд этилган тиббий муассасаларда даволаниш учун ҳар чоракда тасдиқланган жадвал асосида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва ДПМ ҳисоботлари асосида навбат ва эхтиёж аниқланади.

«Аниқланган эхтиёж ва навбат вазирликнинг иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига тақдим қилинади ва бошқарма квотани белгилаб беради. Шу навбат асосида, ажратилган ордерлар сонидан келиб чиқиб, ҳудудларга ордерлар чоракда янгидан тақсим қилинади», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Мўминов.

Унинг айтишича, ҳукумат қарорида белгиланган фоизда имтиёзли ордерларни бериш учун етарли маблағ ажратилмаслиги даволанишда имтиёзли гуруҳга мансуб беморларни марказларга йўллашда чеклов қўлланишига сабаб бўлмоқда.

Баҳром Мўминов. Фото: Аббос Норматов / Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.

«Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига режалаштирилган тиббий хизматлар учун 30 фоиз, шошилинч тиббий хизматлар учун 8 фоиз молиялаштириш ажратилиши кўзда тутилганди. Аммо 2019 йилда у 18 фоизга молиялаштирилди. Бу маблағ 1400та ордерга етган, эхтиёж бўйича 2019 йилда 2880та стационар ордер керак бўлган», — дея қайд этди у.

Маълум қилинишича, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига режалаштирилган тиббий хизматлар учун 30 фоиз, шошилинч тиббий хизмат учун 5 фоиз, аммо 2019 йилда 15 фоизга молиялаштириш маблағи ажратилган. Ушбу маблағ 1439та ордерга етиб, амалда 2448та талаб этилганди. Марказларнинг бирортасига режалаштирилган маблағ етказилмаган, молиялаштириш эса 8−18 фоизни ташкил этади.

Қолаверса, республика бўйлаб ташкил этилган сайёр қабуллар ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг вилоятларга ёрдам сифатида ўтказган тиббий текширувларида имтиёз гуруҳга мансуб шахслар касалликларнинг аниқланиши натижасида ордерга бўлган эхтиёж ҳам бир неча баробарга ошиб бормоқда.

«Шу билан бирга, давлат ташкилотлари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда иштирок этган ходимлар томонидан фуқароларга навбатсиз, имтиёзга эга бўлмаган беморларга ордер беришга ваъда қилиши ҳам катта муаммога сабаб бўляпти», — дея маълумот берди Мўминов.

Соғлиқни сақлаш вазирнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев ҳам юқори инстанцияларга мурожаат қилиш орқали навбатсиз ордер олиш, алоҳида имтиёзга эга бўлмай арз этиш ҳолати кўпайганини тан олди. Шундай мурожаатлар пайти кейинги чорак тақсимоти ҳисобидан ордер тақдим этилиши масалага ечим бўлаётгани билдирилди.

Баҳодир Юсупалиев. Фото: Аббос Норматов / Қонунчилик палатаси ахборот хизмати.

Бундан ташқари, Мўминов ҳудудий тиббий танлов комиссияси томонидан беморларни марказларга нотўғри йўллаш ҳолатлар учраб туришини танқид қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу йўналишда пайдо бўлувчи муаммоларни самарали бартараф этиш учун эхтиёжга мос равишда ордерларни ажратишга етарли маблағ ажратишни таклиф қилди. Шунингдек, ҳудудий бошқармалар назоратини кучайтириб, телетиб кўрикларни ташкил этиш, шу орқали беморларга масофадан ташхис қўйиш таклиф қилинди. Вазир ўринбосари ордер бериш тартибини шаффофлаштириш учун электрон рўйхат тузиш ҳақида гапирди.