Ўзбекистон ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Унда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов, вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, ички ишлар, прокуратура, солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли ҳимоя қилиш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

Жумладан, 2019 йил якунига кўра Хоразм вилоятида содир этилган жиноятлар сони 2,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 0,2 фоизга, шу жумладан қотиллик, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўғирлик, транспорт воситалари олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайган.

Вилоятнинг 51 фоиз маҳалласида жиноятлар содир этилмади, вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар камайгани таъкидланди.

Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда Урганч туманининг «Тандирчи» маҳалласида «Обод ва хавфсиз маҳалла» шиори остида амалга оширилаётган ишлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, унга қарши кураш борасидаги ижобий ютуқлар сифатида алоҳида эътироф этилди.

Маҳалла аҳолиси иштирокида 4 та сектор раҳбарлари томонидан 798 та жиноятлар бўйича ўтказилган муҳокамалар таъсирчанлиги, сабаб ва шароитларини ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар кўрилганлиги аҳволи бирма-бир ўрганилди.

Ички ишлар вазири барча туман-шаҳарларда 4 та сектор раҳбарлари иштирокида шахсий таркиб билан суҳбатлар ўтказиб, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли учун хавфсиз шароитларни яратиш борасида топшириқлар берди.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида Хоразм вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ишларида камчиликлар мавжудлиги, вилоятнинг 254 та маҳаллаларида содир этилган ҳар еттинчи жиноят «Истиқлол», «Темир йўлчи», «Олимпия», «Дўстлик», «Маърифат», «Боғдор» ва «Тараққиёт» маҳаллалари ҳиссасига тўғри келаётганлиги таъкидланди.

Шу сабабдан маҳаллалар ҳудудида жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида ташкил этилган «Жамоатчилик назорати масканлари» фаолиятини йўлга қўйиш, сектор раҳбарлари иштирокида, жамоатчилик билан жиноятларни доимий муҳокама қилиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоятда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар, ажримлар, ўз жонига қасд қилиш каби салбий иллатнинг олдини олиш борасида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича манзилли топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун вилоят ИИБ Ҳарбий сафарбарлик бўлими бошлиғи Р.Ходжиев, Эксперт-криминалистика бўлими бошлиғи Қ.Ўринов, Хива тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Д.Мадрахимов ва Ҳазорасп тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи А.Юсупов ва яна 6 нафар профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди. Шунингдек, бир қатор ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.