Ўзбекистонда авиачипталар нархини лоукастерлар ва тарифларни оптималлаштириш ҳисобига арзонлаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 19 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро авиация форумида транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, тижорат фаолиятининг гибрид модели, жумладан лоукастерлар, шунингдек, тақдим этилаётган хизматлар турларини кенгайтириш ривожлантириш ҳисобига авиакомпанияларни ривожлантириш учун қулай муҳитни яратиш режалаштирилмоқда.

Бунинг учун Ҳаво кодексига қўл юкисиз ва қайтариб берилмайдиган чипталарни тақдим этишни кўзда тутган қўшимчалар киритилади.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу авиачипталарни 20 фоизга арзонлаштиради», — деди Илҳом Маҳкамов.

Аввалроқ, транспорт вазири Элёр Ғаниев Ўзбекистон авиация саноатини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижаси хизматлар сифатини ошириш ва чипталар нархини пасайтириш бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтган эди.

«Газета.uz» аввал хабар берганидек, президент фармони лойиҳасида апрель ойига қадар Ҳаво кодексига қайтариб берилмайдиган ва багажсиз тарифлардан фойдаланган ҳолда ҳаво транспорти харажатларини оптималлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Лойиҳа 2019 йил 24 декабргача муҳокамага қўйилди, аммо ҳужжат ҳозирча қабул қилинмаган.