Афғонистоннинг амалдаги раҳбари Ашраф Ғани президент сайловида овозларни якуний ҳисоблаш натижаларига кўра расман ғолиб деб топилди, деб хабар бермоқда РИА Новости мамлакатнинг Мустақил сайлов комиссияси (МСК) раиси Ҳаву Алам Нуристанига таяниб.

МСК маълумотларига кўра Ашраф Ғани 50,64 фоиз овоз тўплади ва шу тариқа иккинчи муддатга қайта сайланди.

Иккинчи ўринни 39,52 фоиз овоз билан амалдаги ҳукумат раҳбари Абдуллоҳ эгаллади. Собиқ бош вазир, «Ҳизб-э-Ислами» (Афғонистон Ислом партияси) раҳбари Гулбуддин Ҳекматяр 3,85% овоз олди.

28 сентябрь куни Афғонистонда президент сайловлари бўлиб ўтган эди. Дастлабки натижалар эълон қилинганидан кейин шикоятлар ва даъволар бўйича комиссияга 16,5 мингга яқин шикоят келиб тушди, дея аниқлик киритади РИА Новости.