19 февраль куни, Тошкент шахри худудида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлар ва аъзоларнинг фаолиятига чек қўйилди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

ИИББ маълумотларига кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террористик ташкилот сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқароси А.Шодибековнинг (1996 йилда Тошкент шахрида туғилган) ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан қўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиш ва ТЖК таркибига бориб кўшилишни режалаштириб келганлар.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 1552-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 киши қўлга олинди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Хозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Тавхид ва жиход катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.