Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раисининг Кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ботир Парпиев янги лавозимга тайинланди, деб хабар бермоқда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси.

Хабарда таъкидланишича, Давлат солиқ қўмитаси собиқ раиси Парпиев эндиликда янги ташкил этилган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари бўлган.

Шунингдек, вазирнинг биринчи ўринбосари этиб собиқ Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Эльмира Боситхонова тайинланган. Бундан ташқари, собиқ «Нуроний» жамғармасига раҳбарлик қилган Содиқжон Турдиев ҳам вазир ўринбосарига айланди. У 19 февраль куни Адлия вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари сифатида таништирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилганди.

Давлат раҳбарининг мазкур фармони билан Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиши маъқулланган. Шунингдек, янги тузилма раҳбари лавозимига Раҳмат Маматов номзодини маъқулланган.

Шундан кейин, вазир ўринбосари вазифалари Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов зиммасига юклатилгани хабар берилди.