19 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маданият вазири ўринбосари моддий мерос объектларининг табиий эскириши ва бузилишидан ташқари, вазиятга таъсир этувчи салбий омилларни ҳам маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Оқилованинг айтишича, табиий экологик муҳитда юз бериши билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам маданий мерос объектларининг сақланишига таъсир ўтказмоқда.

«Масалан, Орол денгизининг қуриб бориши — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган қадимий ёдгорлик ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди у.

Вазир ўринбосари «маданий мерос соҳасида юритилган нотўғри давлат сиёсати ёки унинг бўлмагани» ҳам омиллар қаторида кўрди.

«Совет даврининг 20−80- йилларида маданий мерос объектларини сақлаш бўйича ягона тизим пайдо бўлганди. Тизимга фақат моддий маданий мерос объектларини сақлаш бошқармалари эмас, балки реставрация қилиш институти мавжудлиги, қарорларга амал қилиш ҳам тегишли бўлган. Биз кўриб турган таъмирдаги объектларнинг аксарияти айнан ўтган асрда реставрация қилинган», — дея қўшимча қилди у.

Оқилованинг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимиятлар томонидан маданий ёдгорлик биноларининг бузилишига сабаб бўлаётган нотўғри қарорлар қабул қилинмоқда. Шунингдек, биноларни реконструкция қилиш, ижарага бериш масаласида тартиблар бузилмоқда.

«Ҳокимиятлар мана шу масалага боғлиқ ҳаракатларини биз билан мувофиқлаштирмаса, муаммолар сақланиб қолаверади. Турли қарорлар қабул қилинди. ЮНЕСКО рўйхатидаги объектлар атрофида қурилишга мораторий эълон қилинди. Шундан кейин, вазият бирмунча юмшади, лекин батамом ижобий томонга ўзгармади», — дея эътироз билдирди Камола Оқилова.

Ўзбекистон президентининг 2018 йилдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, қурилиш маданий қийматга эга объектга атрофида олиб борилса, департамент қошида ташкил этилган илмий кенгаш масала юзасидан хулоса бериши керак.

«Тарихийлик ва шаҳарларнинг ўзига хослигини сақлаш, маданий мерос объектларидан ташқари, турар жой бинолар қиёфаси ҳам биз учун аҳамиятли», — деди у.

Таъкидланганлардан ташқари, ЮНЕСКО бутунжаҳон моддий мероси рўйхатига киритилган объектлар билан ишлашда айнан ЮНЕСКО конвенциялари, яъни талаб ва стандартларига мувофиқ иш олиб борилмаслиги ҳам таъсир ўтказади, дея фикр билдирди Оқилова.

«Масалан, Шаҳрисабз воқеаси бизга дарс бўлди, деб ўйлайман. Шаҳрисабз бўйича муддат икки йил муддат берилган. Уни регенерация қилиш имконияти бор… Олдимизда иккита йўл бор: шаҳардаги объектларни якка тартибда ташкилот рўйхатига киритиш ёки Шаҳрисабзни регенерация қилиб, уни рўйхатда бус-бутун сақлаб қолиш. Албатта, бунинг учун катта маблағ талаб этилади. Биз ҳукумат билан бу масалада келишув олиб боряпмиз», — дея сўзида давом этди вазир ўринбосари.

Қолаверса, Оқилованинг фикрича, тарихий аҳамиятга эга, аммо ночор аҳволга келиб қолган бинолар атрофида шаҳар марказидаги ерларни қўлга киритиш мақсадида фаол тижорат қурилишларини олиб бориш оқибатида шаҳарнинг тарихий қиёфасига ҳам путур етмоқда.

«Албатта, аҳоли ўсиши, шаҳарлар кенгайиши табиий ҳол. Аммо шаҳарлар ривожланиши ва тарихий қиёфани сақлаб қолишнинг олтин ўрталиғини топиш керак. Самарқанд мисолида бу мувозанат бузилганини кузатиш мумкин», — дея мисол келтирди Камола Оқилова.

Шунингдек, кўҳна обидалар қўйнида ўтказилаётган йирик томоша ва тадбирлар, уларга тайёргарлик кўриш ва саҳна безаклари маданий мерос ҳолатига салбий таъсир қилиши эътироф этилди. Маданият вазирлиги келгусида бу масалада ўз позициясида қатъий бўлишини билдирди.

Маълумот учун, тарихий ёки маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 64- моддаси асосида жавобгарликка тортишга асос бўлади. Шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликни такроран содир қилиш Ўзбекистон Жиноят кодексининг 132- моддасида назарда тутилган жавобгарлик вужудга келади.