Бугун халқ депутатлари Боёвут тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, туман Кенгашининг сессиясида ташкилий масала кўрилди, дейилади «Сирдарё хабарлари» телеграм каналидаги хабарда.

Унда Мамадаминов Ўлмасжон Ярмахамматович бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан Боёвут тумани ҳокими лавозимидан озод этилиши ва ўрнига Уралова Дилфуза Джумановна Боёвут тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини депутатлар бир овоздан тасдиқладилар.

Дилфуза Уралова 2012 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ҳисобланади.

Боёвут туманининг янги ҳокими 1985−1990 йиллар мобайнида Гулистон давлат университети талабаси, 1990−2001 йиллар Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, 2001−2010 йиллар Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 10-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, директори бўлган.

2010−2015 йиллар мобайнида Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

2015−2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

2017 йилдан шу кунга қадар Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Оилали, 4 нафар фарзанди бор.