17 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров солиқ имтиёзлари ва уларни тайинлаш тартибига изоҳ берди.

Унинг айтишича, энг муҳим урғу ижтимоий аҳамиятга эга бўлган (таълим, тиббиёт, маданият, маиший хизмат) солиқ имтиёзларига қаратилган ва улар сақланиб қолинди.

«Бундан ташқари, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилиши белгиланди. Эндиликда имтиёз фақат президент томонидан тақдим этилиши мумкин», — деди у.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ имтиёзлар беришнинг янги принципи ҳужжатнинг 75-моддасида баён этилган.

Жумладан, асосан айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари (ҚҚС, акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари) Ўзбекистон президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ҳамда кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкинлиги белгиланган.

«Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида молиявий қийинчиликка дуч келган корхоналарни ҳукумат томонидан қўллаб қувватлаш мақсадида, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш бўйича меъёр киритилди», — дея қайд этди Умаров.

2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган Солиқ кодексида солиқ имтиёзларни назарда тутувчи меъёрлар 380тани ташкил қилган. Янги таҳрирдаги кодекс қабул қилиниши арафасида имтиёзларнинг барчаси инвентаризациядан ўтказилиб, ўзини оқламаган меъёрлар бекор қилинган. Янги кодексда доимий амал таъсирига эга 301та солиқ имтиёзи мавжуд.