Чет эл авикомпаниялари учун Ўзбекистон аэропортлари жозибадорлигини ошириш мақсадида авиация ёқилғиси нархлари ва аэропорт йиғимларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда транспорт вазири Элёр Ғаниев чоршанба куни Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum Халқаро авиафорумига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда шундай рақобат муҳити яратиладики, унга кўра Ўзбекистон жуда жозибадор йўналишлардан бирига айланади. Вазир ҳозирданоқ авиаёқилғи нархи сезиларли даражада пасайиб, бир тоннаси учун 880 долларни ташкил қилаётганини қайд этиб ўтди.

Элёр Ғаниев 2020 йил охиригача Қашқадарё вилоятида Uzbekistan GTL заводининг ишга тушилиши авиаёқилғи бозори учун муҳим эканини, бу ерда йилига 1,7 млн тонна ҳар хил турдаги ёқилғилар, жумладан 300 минг тонна авиакеросин, шунингдек, дизель ва бензин ишлаб чиқарилишини таъкидлади.

«Аминманки, бундай ишлаб чиқариш фойдаланишга топширилиши билан бизда авиаёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўлмайди. Афсуски, бугун авиаёқилғи ҳам Uzbekistan Airways, ҳам Uzbekistan Airports`ни тўла ҳажмда таъминлаш учун етарлича ишлаб чиқарилаётгани йўқ. Шунинг учун биз муайян миқдорда импорт қилишга мажбурмиз. Шу ўринда нархлар энг камида 120−140 долларга пасайганини айтишни хоҳлардим. Ва бу Ўзбекистон аэропортлари учун яхши рақобат муҳитини яратмоқда», — деди у.

Транспорт вазири минтақа бўйича ўртача кўрсаткичлардан ошиб кетмаслиги учун авиаёқилғи нархларининг назорат қилинишини қайд этди. Бу рақобат учун зарур шароитларни яратишга имкон беради, деб ҳисоблайди у.

Бундан ташқари, аэропорт йиғимларини пасайтириш режалаштирилмоқда: «Бир қатор позициялар мавжуд, улар сони 40 га яқин, бироқ умуман олганда, аэропорт хизматлари 20 фоизга арзонроқ бўлади. Бу аэропортларимизнинг ҳам йўловчи ташувчилар, ҳам юк ташувчилар учун жозибадорлигини ошириш учун кучли туртки беради», — деди Элёр Ғаниев.

Транспорт вазири «Навоий» халқаро интермодал логистика маркази авиаёқилғи нархи баландлиги сабабли ривожлана олмаганини тан олди.

«Авиация юк ташишни ташкил этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши керак. Бу борада ҳам бир қатор ҳабларни ташкил этиш режалаштирилган, жумладан, анчадан буён „Навоий“ аэропорти устида иш олиб бормоқдамиз. Афсуски, ушбу лойиҳа ҳам ёқилғи нархи баландлиги сабабли ривожлана олмади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, логистика маркази «Навоий» аеропорти базасида 2008 йилда «Навоий» эркин иқтисодий зонаси яқинида очилган эди. Марказга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди. Зарур инфратузилма барпо этилиб, марказ бошқаруви Korean Air компаниясига топширилди.

2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев «Навоий» логистика марказига хорижий юк ташувчиларнинг қизиқиши йўқлигининг асосий сабаби керосин етказиб беришдаги узилишлар бўлганини таъкидлаган эди. Мавжуд вазиятнинг яна бир сабаби сифатида эса давлат раҳбари «соҳага бевосита масъул бўлган баъзи мансабдор шахсларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги, марказни пухта ўйланган стратегия асосида ривожлантиришга қодир эмаслиги» деб атади.