5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси соат тахминан 00:50 ларда Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 25 ёшли М.Б., 28 ёшли Қ.А., ҳамда 31 ёшли Ж.Ш. танасининг турли соҳаларида сочма ўқдан келиб чиққан тан жароҳатлари билан мурожаат қилгани ҳақида хабар берган.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати маълумотларига кўра, худди шу куни тунги 00:10 ларда улар 27 ёшли А. У. ва унинг танишлари билан Қўқондаги «Шедевр» чойхонасида жанжаллашиб қолган.

Можаро вақтида А. У.нинг ёнида бўлган таниши 27 ёшли З.М., тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаган «ИЖ-18» русумли қирқма милтиғи билан Б.М,А.Қ ва Ш. Ж.,ларга қарата икки маротаба ўқ узиб тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари (Қасддан одам ўлдиришга суииқасд) ва 277-моддаси (Безорилик) билан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, 30 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари ва олинган тезкор маълумотларга кўра ИИБ, ДХХ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ҳамкорликда 14 февраль куни Қўқонда шартли ном остида ўтказилган «Тонг» тадбири давомида ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 25 нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан «маъмурий қамоқ» қўлланилган ва уларни ушбу ҳамда бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Ушбу жиноий иш доирасида ушланганлардан кўп миқдордаги турли хил қуроллар, жумладан, икки томонламали болта, мачете ва дурбинли арбалет олиб қўйилди, деб хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.