2021 йил ҳосилидан бошлаб давлатга ғалла сотиш режаси тўлиқ бекор қилиниб, маҳсулотни бозор нархларида сотиб олиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида агросектор масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Жорий йилда етиштириладиган ғалла ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун сотиладиган ҳажми камайтирилади. Натижада мамлакат бўйича бу йил қўшимча 1 миллион тоннадан ортиқ ғалла фермерлар ихтиёрида қолади.

Қайд этилганидек, ғаллани давлат эҳтиёжи учун мажбурий сотиб олиш тизимидан давлат захиралари тизимига ўтилмоқда ва фермерларга ғаллани эркин сотиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу масала озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ бўлганлиги боис давлатга мажбурий ғалла сотиш тизими икки босқичда бекор қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ, 2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажми босқичма-босқич қисқартирилиши ва 1 октябрдан бошлаб интервенцион харидлар тизими жорий этилиши ҳақида хабар қилинган эди. Ушбу тизимга кўра, нархлар пасайиб кетган тақдирда янада арзонлашмаслиги учун давлат ортиқча ғаллани сотиб олади, нархлар кескин кўтарилганда эса давлат захираларидаги ғалладан сотилади. Шундай қилиб унинг қимматлашуви олди олинади.

Видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерлари фаолиятини самарали ташкил қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Кластерлар таклифлари асосида экспортбоп экинларни жойлаштириб, зарур уруғлик, кўчат, минерал ўғит, ёқилғи масаласини ҳал қилиш ва уларнинг таъминотини тизимли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жойларда кластерлар фаолиятини самарали ташкил этишга вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари шахсан масъул этиб белгиланди.

Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарларининг ўринбосарларидан бири мева-сабзавотчилик кластерларини айланма маблағлар билан таъминлаш ва улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришга масъул қилинди.

«Кластерлар фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад — экспорт ҳажмини ошириш. Бунинг учун эса янги бозорларни топиш керак. Бозор бўлмаса, экспорт ҳам бўлмайди, кластер тизими ҳам юрмайди. Шунинг учун чет эллардаги талабни мунтазам ўрганиб, имкониятлардан самарали фойдаланиш, экспортда изчилликни таъминлаш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига ташкил этилаётган ҳар бир кластер билан индивидуал ишлаб, экспорт шартномаларини чуқур таҳлил қилиш, айланма маблағлар ажратилишини ҳисобга олиб, қўшимча контрактлар тузишга кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Пахтачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, давлат эҳтиёжлари учун пахта ва ғалла етиштириш тизимидан қадамма-қадам воз кечиш масалалари ҳам йиғилишда батафсил муҳокама қилинди.

«Бу йил қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотларни бошлаяпмиз. Ҳокимлар бу масалани чуқур тушуниб, ичига киришлари шарт. Энди орқага йўл йўқ. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини эркинлаштирмасак, манфаатдорликни оширмасак, иқтисодий ўсиш ва самарадорликка эришиб бўлмайди», — деди президент.

Йиғилишда кластерлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

Адлия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кластерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб, уларнинг фаолиятини тартибга солиш юзасидан кўрсатма берилди.

Пахта етиштиришнинг амалдаги тизими фермерлар ва кластерлар ўртасида молиявий жиҳатдан кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Бу бир тарафдан пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга маблағ етишмаслигини келтириб чиқарса, иккинчидан, пахта етиштирган фермер хўжаликлари билан ҳисоб-китоб қилиш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Шу боис кластерлар молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, уларда маҳсулот ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни алоҳида фаолият тури сифатида кредитлаш тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган жойларда пахта тозалаш заводлари негизида фермерлар кооперациялари йўлга қўйилиши белгиланди.

Видеоселектор орқали жойлардаги кластерлар раҳбарлари билан мулоқотда лимончиликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари лимон етиштириш сердаромад соҳа эканини таъкидлаб, ҳудудларда лимонзорлар ташкил қилиш юзасидан ўз тавсияларини берди. Ушбу мақсадлар учун «Туронбанк» АТБ томонидан 100 миллион доллар миқдорида кредит маблағлари ажратилиши белгиланди.

Ер ажратиш борасидаги муаммолар кўриб чиқилди. Суғориладиган майдонлар талон-торожига чек қўйиш, ҳар бир қарич ердан халқ манфаати йўлида самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, жойлардаги мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.