13 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирли раҳбарияти ва тегишли вакиллари президентнинг «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказишди.

Фармонда аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари камида битта спорт турига ихтисослаштирилиши белгиланган. Шунингдек, вазирлик бюджетдан ташқари «Спорт» махсус ҳисоб рақамига 2020 йилда давлат бюджети ҳисобидан 50 млрд сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган. Пуллар соҳани ривожлантириш, вазирликнинг жойлардаги бўлимлари, спорт ўқув юртлари моддий базасини таъминлашга сарфланиши кўзланган.

Вазир ўринбосари Нодир Муродовнинг айтишича, бюджетдан ажратилган маблағнинг сарфланиши ҳақида аниқ тушунча мавжуд: «Агар инсон саломат бўлмаса, яъни соғлом бўлмаса, спорт билан шуғулланмаса, у кейинги қадамини, яъни таълим олишга қизиқиши сўнади ўз навбатида, ҳаётга бўлган қизиқиши сўнади».

Вазирлик 2018 йил 5 мартдаги президент қарорига биноан янги ташкил этилган. Муродов ушбу масалага урғу бериб, жойлардаги спорт муассасалари етарли инфратузилмага эга эмаслигини айтди.

«Бутун дунёни ўрганадиган бўлсак, спорт объектига соғломлаштириш маркази сифатида қаралади. Спорт объектининг ичида сартарошхонаси ҳам бор, овқатланиши ҳам бор, гўзаллик салони ҳам. Бундан ташқари, бутун дунёда спорт шоу-бизнес ҳисобланади, яъни ўзига ўзи пул топиш йўлга қўйилган», — деди у.

«Биз ҳам ҳозир вазирлик тасарруфида медиа марказ ташкил қилдик, мана шу медиа марказнинг ўз режалари бор. Келгусида 36 мингта спорт тадбирни ўтказамиз. Бу ерга нафақат спорт билан шуғулланадиганлар, балки спортни томоша қиладиганлар, спортга қизиқадиганлар келади, кимдир неварасини олиб келади, кимдир фарзандини ёки турмуш ўртоғини олиб келади. Мана шу нарсалар ҳам бизнинг режамизда ўз аксини топган, биз фақат давлат бюджетига қараб қолишни назарда тутмаганмиз», — дея қўшимча қилди Нодир Муродов.