Қурилиш объектидаги ишлар тугагач, лойиҳа қиймати ўзгариб қоляпти. Бунга бир неча омиллар таъсир ўтказяпти ва бунга қарши кураш чоралар татбиқ этилмоқда, деб маълумот берди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.

12 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган Шерзод Ҳидоятов «Газета.uz» мухбирига қурилиш якунига келиб, объектнинг нархи ошиб кетмаслиги учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.

«Қурувчи объект қурилаётган вақтда бирдан ҳамма материални олиб келиб, объектга тўкиб қўёлмайди. Бу қурилиш вақти, масалан, бир ярим йил бўлса, ўша давр ичида булар қурилиш маҳсулотларини вақти-вақти билан сотиб олади. Қурилиш материаллари нархи ўзгарувчан, харажатлар ошиб кетиши омили мавжуд», — деди у.

Вазир ўринбосарининг айтишича, эндиликда қурилиш материаллар нархининг барқарорлигини таъминлаш учун нархлар каталоги тизими ўзгармоқда. Тизим ривожлантирилиши билан якуний натижалар эълон қилинади.

«Қолаверса, қурилиш бошланганда параллел лойиҳалаш ишини олиб боришга тўсиқ қўйилди. Буёғига ушбу амалиётдан воз кечамиз, фақат лойиҳалаштирилиши тугаган қурилишга рухсат берилади», — дея қўшимча қилди у.

Ҳидоятовнинг қайд этишича, давлат раҳбарининг алоҳида кўрсатмаси билан рухсат берилган мега қурилиш ишларида параллел лойиҳалашга рухсат берилиши мумкин.

2011 йил қабул қилинган Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ, объектларни лойиҳа-смета ҳужжатларини параллел равишда ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилиш қатъиян тақиқланганди. Аммо EPC шартномалар асосида қурилиш ишлари ташкил этилган.

Маълумот учун, EPC(инглиз тилидан engineering, procurement and construction) қурилиш шартномаси муҳандислик, таъминот ва қурилиш ишларини параллел олиб боришни англатади.