2019 йилнинг ёзида «Қизил китоб»га киритилган жайронни овлагани учун қўлга олинган 5 нафар фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хабар қилди.

Мазкур фуқаролар 2019 йилнинг 24 августдан 25 августга ўтар кечаси Қоракўл ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида уч дона ов қуроли ҳамда кучли ёритиш қувватига эга прожекторлардан фойдаланган ҳолда 2 бош жайронни отиб ўлдирган эди. Браконьерлар Бухоро вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари ҳамда мазкур ҳудуд ҳарбий қисм сафдорлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган ва уларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) асосида жиноят иши қўзғатилган эди.

7 февраль куни ушбу суд ишининг якуний йиғилиши Қоракўл туманининг жиноят судида бўлиб ўтди.

Суд ҳукмига биноан қонунбузарликни содир этган 5 нафар фуқаронинг 4 нафарига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисмининг тегишли бандларига мувофиқ, 3 йил муддатга, 1 нафарига эса 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси белгиланиб, уларга жами 66,9 млн сўм миқдорда табиатга етказилган зарар ҳисобланди ва ундириб олинди.