Сурхондарё вилоятида қайтадан ташкил этилган Бандихон туманига прокурор, солиқ ва ИИБ раҳбари тайинланди, деб маълумот бермоқда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига асосан, Худоёров Анвар Эшмуродович Бандихон тумани прокурори этиб тайинланди.

У фаолияти давомида Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим прокурори, катта терговчиси, бўлим бошлиғи ўринбосари, прокурор ёрдамчиси, Бойсун тумани прокурори, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари, Мажбурий ижро бюросининг бўлим катта инспектори лавозимларида ишлаган. 1985 йилнинг 1 январида Шўрчи туманида туғилган Анвар Худоёров Термиз давлат университети, Самарқанд давлат университетида таҳсил олган.

Акмал Бердиназаров. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, Бердиназаров Акмал Баратович Бандихон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Бердиназаров фаолияти давомида Ангор тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори, бўлинма тезкор вакили, бўлинма бошлиғи, бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғига асосан, солиқ хизматининг II даражали маслаҳатчиси Эшбоев Абдуалим Муҳаммадиевич Бандихон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди. У Бандихон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинлангунга қадар вилоят давлат солиқ бошқармасида Ички аудит бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келган.

Абдуалим Эшбоев. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ, туманга Қизириқ тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Чориев Ўткир Абдузоирович ҳоким этиб тайинлангани хабар қилинганди.