13 февраль куни тахминан соат 21−00 ларда 24 ёшли Х. М. бошқарувидаги Nexia-3 «Андижон-Асака» автомобиль йўлининг «Асака» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётиб, йўл четида тўхтаб турган ЗИЛ-130 билан тўқнашди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълумотларига кўра, енгил автомобилда уч нафар йўловчи бўлган. Nexia-3 ҳайдовчиси Х. М. ва олд ўриндиқда ўтирган 24 ёшли И. Ж. ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмди.

Седаннинг яна икки йўловчиси — 24 ёшли М. Б. ва 20 ёшли Н. П. кейинроқ тиббиёт муассасасида шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этди.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.