Охирги уч йилда фақат қурилиш соҳасида 302та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ҳамда 119 нафар ишчи ходим вафот этган. Бундан ташқари, 117 нафар ишчи оғир тан жароҳат олгани қайд этилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат меҳнат инспектори Нозима Сулаймонова маълумот берди.

12 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган анжуманда гапирган давлат инспектори меҳнат фаолиятида вафот этган марҳум ишчиларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларига тўхталиб ўтди.

«Бу оғир тан жароҳати деганда, демак, меҳнат қилиш қобилиятининг қайсидир қисмини йўқотиб бўлган ва ўзининг меҳнат фаолиятини амалга оширишга қийналадиган ҳолатлар. Буларга тўлов қандай амалга оширилади? Турган гап, агар ҳар бир ташкилот иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртасини қилган бўлса, бу суғурта компаниялари орқали амалга оширилади. Лекин қилинмаган бўлса, пудрат ташкилотлари кўп ҳолатларда ҳақиқатда бу суғуртани амалга оширмаган — иш берувчининг шахсий маблағларидан, яъни корхонанинг маблағларидан амалга оширилади», — деди у.

Сулаймонованинг айтишича, меҳнат давомида юз берган бахтсиз воқеа юзасидан, аввало, комиссия тузилади. Шундан сўнг, 15 кун ичида ҳодиса текширилади, ҳужжатлар расмийлаштирилади ва ҳар бир жароҳат олган ёки жабр кўрган оилага комиссия аъзолари ташриф буюриб, ўзининг қонунчиликда бор имкониятларини тушунтириши шарт.

«Шундан сўнг, барча тўловлар узоғи билан бир ой ичида амалга оширилиши керак. Ишчи вафот этган бўлса, демак бир вақтнинг ўзида тўланадиган олти йиллик ўртача меҳнат ҳақи берилиши керак ва марҳумнинг қарамоғида фарзандлари бўлганда, ҳар бир фарзандига то у 18 ёшга тўлгунга қадар вафот этган ходимнинг ўртача бир ойлик меҳнат ҳақи қарамоғидаги фарзандлари сонига бўлинади ва ойма-ой тўлаб борилади», — дея қўшимча қилди у.

Таъкидланишича, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бундан ташқари, Пенсия жамғармаси корхона ликвидация бўлса, яъни тугатилса, бу тўловлар ҳаммасини ўз вақтида бажарилишини ўз зиммасига олади.