Ўзбекистонда фуқаролик авиаташувлари соҳасида камида бешта резидент авиакомпания ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу 2020 йилги «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Ҳужжатда янги рейслар очиш ҳамда мавжуд рейслар частотасини ошириш ҳисобига авиарейслар сонини 2800 тага ошириш вазифаси қўйилган. Бундан ташқари, «очиқ осмон» режими жорий этилган ҳар бир аэропортда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси жадвали бўйича «Ёз-2021» мавсуми бошлангунга қадар 10 тадан халқаро рейс ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Яқинда бўлиб ўтадиган «Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum» Халқаро форумига бағишлаб чоршанба куни ўтказилган матбуот анжуманида транспорт вазири Элёр Ғаниев ўзбек бозорига янги авиаташувчиларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

«Биз чет эллик юк ташувчиларни Ўзбекистон резидентлари сифатида рўйхатдан ўтиши шарти билан ўз бозоримизга жалб қилишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда тўртта компания билан музокаралар олиб борилмоқда. Бўлажак форумнинг мақсадларидан бири, бу — потенциал ташувчилар билан музокаралар ўтказишдир», — деди у.

Бош вазир ўринбосари — Туризм бўйича давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов янги авиакомпанияларни жалб қилишни устувор йўналиш деб атади. Шу билан бирга, мамлакат расмийлари Ўзбекистонда иш ўринларини яратишга қизиқиш билдирмоқда.

Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, янги авиакомпаниялар таркибига Humo Air, шунингдек, Uzbekistan Helicopters («Ўзбекистон ҳаво йўллари» қайта ташкил этилиши натижасида пайдо бўлган) ҳам киради. Унинг сўзларига кўра, Люксембургнинг Luxaviation компанияси Ўзбекистонда вертолёт авиакомпаниясини яратиш масаласини кўриб чиқмоқда.

«Ўзларининг 10−15 та самолёти билан бу ерга келишга тайёр бўлган яна бир қанча йирик тузилмалар мавжуд. Асосийси, уларнинг Ўзбекистон резидентлари бўлиши. Шунда, табиийки, эртага улар солиқларни шу ерда қолдирадилар, иш жойлари Ўзбекистонда бўлади… Бизга Ўзбекистонга кўпроқ самолётларнинг қўниши ва сайёҳларни тушириши керак», — дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.