12 февраль куни жиноят ишлари бўйича жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судида «Аҳмадбой» иши бўйича тўртинчи очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Мазкур жиноят ишида асосий фигурант — Аҳмаджон Турсунбоев журналистларга баёнот бериб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди ва фаолиятидаги хатоларга тўхталиб ўтди.

«Бу ишда энг катта хатом — фуқаролар ҳаддан ташқари кўпайиб кетди, вақтида тўхтатишим керак эди. 2009−10 йилларда фаолиятимни тўхтатиш керак эдим», — дея қайд этди у.

Турсунбоевнинг айтишича, унга пул олиб келган ҳар қандай шахсни оддий фуқаро сифатида қабул қилган. Уларнинг саволларига батафсил жавоб берган.

«Мен, аввало, Аллоҳга ишонганман. Бировга ишониб, бошимда кимдир бўлмаган. Чунки фуқаро келиб сўрарди: „Аҳмадбой ака, бу ишга ким кафил“, Худодан бошқаси кафил бўлмаган», — дея қўшимча қилди у.

Судланувчининг таъкидлашича, гарчи жиноят иши очилишига фуқаролар томонидан ариза тушмаган бўлса-да, бунинг муайян сабаблари бўлган. У жиноят иши очилиши ҳамда фаолиятига чек қўйилишига одамлар орасида гап кўпайганини сабаб қилди.

«Менинг устимдан ариза тушмаганди. Иш фаолиятимга чек қўйишди, бўлди. Жуда кўп одам мени номимдан иш қилган, филиаллар очишган — уларнинг менга алоқаси йўқ. Тўғрисини айтганда, нақд пул айланмаси — давлат тизими. Нақд пул кўтариб келган фуқаролар кўпайиб кетди, балки шунга фаолиятим ёпилгандир», — дея тахминларини билдирди у.

Судланувчилар орасида бўлган Муроджон Турсунбоев музокара сўз навбатини олганда ўша ерда ишлаганидан пушаймонлигини билдирди. У, шунингдек, айрим ҳолатлардан норози эканини яширмади.

«Прокурор жаноблари зарарни солидар тартибда қоплашни айтди. Ҳурматли прокурор, камида, 100 миллиард сўм пулни ҳамкасбларингиз йўқ қилиб юборган. Буни халққа ким тўлайди? Яна бу амаким бўйнига илиниб кетяпти. Мен-ку, майли, 5 йилда чиқиб келарман. Чунки айбсизлигим ҳамма билади. Лекин ким тўлайди? Шуларни ҳам эътиборга олинг, ўша пулларни ўғирлаганлар ҳам тўлаб юборсин», — дея музокара сўзини билдирди у.

Муроджон сўз бошлаганда суд қамоғида бўлган Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқалар уни имо-ишоралар билан тўхтатишга ҳаракат қилишди. Сўнггида, Аҳмаджон суд залида ўтирганларга эшитарли қилиб, «жим» дея қатъий таъкидлади. Шундан сўнг, Муроджон сўздан қолди.

Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судья Шермуҳамедов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари (жуда кўп миқдорда фирибгарлик; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик — эски таҳрирдаги) бўйича айбланган Аҳмаджон Турсунбоев ва яна 15 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Аҳмаджон Турсунбоев суд ҳукмига кўра айбли деб топилди ва унга 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, Аҳмаджан Турсунбоевга 14 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди.

Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи ва жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланиши белгиланди. Олдинроқ Турсунбоевга қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.