7 февраль куни Южноуралск-Магнитогорск трассасининг Челябинск вилояти (Россия) ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 3 киши, жумладан Ўзбекистон фуқароси М.Р. вафот этди, ўзбекистонлик М.Н. ва А.Р. жароҳат билан касалхонага ётқизилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, мамлакатнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаст вазиятни назоратга олди, жароҳатланганлар ва уларнинг яқинлари билан алоқа ўрнатди. Шунингдек, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат мигратсияси масалалари агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳуманинг жасадини турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида ватанга жўнатиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Урал федерал округи (Курган вилояти, Свердловск вилояти, Тюмен вилояти, Челябинск вилояти, Ханти-Мансийск автоном округи — Югра, Ямал-Ненетск автоном округи) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.