Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирилиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси (ЖССТ ЕМБ) 2020−2021 йилларда ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат бюро раҳбари Ханс Клюгенинг 11−12 февраль кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланди, дея хабар қилди ССВ матбуот хизмати.

Томонлар соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, мажбурий тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга қарши кураш борасида ҳамкорликни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Вазирлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш борасидаги ислоҳотлар аҳолининг тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишини таъминлайди.

Ислоҳотларнинг катта қисми тиббий суғурта борасида давлат ташкилотини ташкил этишдан иборат бўлиб, у тиббий хизматларни харид қилиш бўйича стратегик агентлик сифатида фаолият кўрсатади. Бу каби хизматлар рўйхати давлат ҳисобидан кўрсатилиши кафолатланган тиббий хизматлар ҳажмларини белгилаб беради.

Ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга йўналтирилаётган давлат маблағларининг келгусида ягона тўловчи сифатида иштирок этадиган давлат тиббий суғурта ташкилотига бирлаштирилиши кутилмоқда. Ушбу давлат ташкилоти тиббий хизматларни энг мақбул нарх ва сифатдаги хизматларни таклиф қилаётган автоном давлат ва хусусий етказиб берувчилардан сотиб олади, дея изоҳ берди ССВ.

Бундан ташқари, ЖССТ ЕМБ билан тузилган келишув фуқаролар умри давомийлигини оширишга ҳам йўналтирилган. Бунинг учун аксарият ҳолларда бевақт ўлим ва ногиронликка сабаб бўлаётган касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш натижаларини яхшилаш режалаштирилмоқда.