Хорижий бошқарув компаниялари билан ҳамкорлик тендер асосида имзоланади, дея маълум қилди транспорт вазири Элёр Ғаниев 12 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, «Новапорт Холдинг» ва Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилнинг май ойи охирида Урганчда Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишув имзолаган эди. Кейинроқ «Новапорт» ва Ўзбекистон музокаралари боши берк кўчага кириб қолгани хабар қилди: ҳукумат уларни инвестор сўрагани каби 30 йил муддатга топширишга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолди.

«Бу жараён тендер асосида ўтказилади. Сиз тилга олган компания масаласида бизнинг позициямиз аниқ — бу тендер асосида аниқланади», — деди транспорт вазири журналистнинг «Новапорт» билан музокаралар атрофидаги вазият ҳақидаги саволига жавоб бераркан.

Элёр Ғаниев Ўзбекистонда аэропортлар бўйича хорижий бошқарувчи компаниялар билан ҳамкорлик давлат-хусусий шерикчилик ёки концессия тамойиллари асосида амалга оширилишини маълум қилди.

«Нима учун ҳозирда япон компаниялари ёки Россия компаниялари [аэропортларни] бошқариши ҳақида гапиришга эрта. Тендер кўрсатади», — дея қўшимча қилди вазир.

Қайд этиш жоизки, «Новапорт» келишув доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши режалаштирилган 2022 йилга қадар Самарқанд аэропорти терминали ва учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиши белгиланган эди. Урганчда холдинг аэродром инфратузилмаларини модернизация қилиши, Наманганда эса йўловчи терминалини кенгайтириши керак эди.