Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштиришнинг «Европротокол» тамойилларига асосланган соддалаштирилган тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. 2020 йилги Давлат дастури лойиҳасида бу ҳақда сўз боради.

Йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштиришнинг «Европротокол» тамойили, бу — ЙТҲ тафсилотларини акс эттирувчи шакллар (бланкалар) тўплами бўлиб, уларда ҳодиса иштирокчилари бўлган ҳайдовчилар ўз имзолари билан розиликларини ифода этади. Европада бундай турдаги баённомалар ўн йил муқаддам жорий этилган. У ЙТҲда жабрланганларга зарарларни ортиқча муаммоларсиз қоплаш имконини беради.

1 майга қадар ишлаб чиқиш режалаштирилаётган ҳужжатларда:

  • йўл-транспорт ҳодисаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари иштирокисиз расмийлаштириш тартиби ва келиб чиққан зарарни тўлаш шартлари;
  • йўл-транспорт ҳодисаси бўйича маъмурий баённома тузилмасдан, бу ҳақдаги маълумотлар (шу жумладан, суратга ёки видеога олиш орқали) унинг иштирокчилари томонидан хабарнома бланкасида акс эттирилиши ва суғурта ташкилотларига тақдим этилиши;
  • йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган транспорт воситалари суғурталовчилар талабига кўра кўрикдан ўтказиш ёки мустақил техника экспертизаси учун тақдим этилиши;
  • йўл-транспорт ҳодисасини ички ишлар органлари ходимлари иштирокисиз расмийлаштириш юзасидан тўланадиган суғурта товонининг чекланган миқдорини белгилаш назарда тутилади.

Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ИИВ, Транспорт вазирлиги, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига топширилди.