Вазирлар Маҳкамасининг 31 январдаги қарори билан олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш, стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиблари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 февралдан:

  • давлат гранти ва стипендияли тўлов-контаркт асосида ўқиётган талабаларга қатъий белгиланган стипендия тўланади. 2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно;
  • семестр якуни бўйича фанлардан фақат аълога ўзлаштирган (86 балл ва ундан юқори) талабаларнинг стипендиялари базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилади;
  • семестр якуни бўйича фанлардан 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми қониқарли бўлган (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабаларга кейинги семестрда стипендия тўланмайди. 2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно.


Шунингдек, қарорга кўра, ОТМларда давлат гранти асосида таълим олаётган «аъло» (рейтинг кўрсаткичи -86 балл ва ундан юқори) ҳамда «яхши» (рейтинг кўрсаткичи — 71 балл ва ундан юқори) ўзлаштирган талабаларга тажриба-синов тариқасида 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар ҳақиқатда тўланган ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарори асосида тўланиши лозим бўлган миқдорлар орасидаги тафовут тизимида ОТМлар бўлган вазирликлар ва идораларга 2020 йил учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади.


Бундан ташқари, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида таълим олувчи номли давлат стипендиялари соҳиблари, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилишини инобатга олиб, уларга тегишли ўқув йили учун контракт қиймати миқдорини стипендиясиз шаклда тўлаш имконияти яратилади.