Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюмнинг айтишича, АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг минтақа давлатлари билан ҳарбий ташкилот тузиш таклифини илгари сургани ҳақиқатга мос эмас. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири элчининг сўзларига таяниб хабар бермоқда.

29 январь — 4 февраль кунлари Майкл Помпео Евроосиё давлатларига сафари давомида Қозоғистон ва Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрди. Давлат котиби Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари билан «C5 + 1» форматидаги учрашувда мулоқот қилди.

Помпео ташрифи пайти русийзабон нашрларда АҚШ минтақа давлатларига ҳарбий ташкилоти тузиш, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ўхшаш тузилмага бирлашишни таклиф этиши ҳақида ёзганди.

6 февраль куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтган матбуот анжуманида элчи Даниел Розенблюм юқоридаги хабарни инкор этди.

«Бундай таклиф ҳам, ғоя ҳам бўлмаган. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига монанд уюшма яратиш ҳақида гап йўқ. Бу матбуотда қандай пайдо бўлгани ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасман», — деди элчи.

«Коммерсантъ» нашри Майкл Помпео минтақа билан ҳарбий ташкилот тузишга интилиши ҳақида ёзганди. Шунингдек, расмий Москва Ўзбекистоннинг Россия иштирокидаги ҳарбий ташкилотга қайтишидан умидворлиги билдирилган.

1992 йили «Тошкент пакти» сифатида ташкил топган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Марказий Осиёда Туркманистон ва Ўзбекистондан ташқари барча давлатлар аъзо ҳисобланади. Расмий Тошкент ташкилот доирасидаги фаолиятини 2012 тўхтатган.