Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ давлат котиби Майкл Помпео 3 февраль куни бўлиб ўтган музкараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга икки томоннинг интилиши қатъий эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Майкл Помпео Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатда олиб борилаётган демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини юксак баҳолади.

Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратаётганини таъкидлади.

Учрашувда минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби Тошкентда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани билан табриклади.

Иқтисодиёт соҳасида АҚШ етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришни ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ келишувларга эришилди. Майкл Помпео бугунги кунда мамлакатимизда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини бир неча ўн карра ошириш имконини берадиган бизнес ташаббуслари учун кенг имкониятлар мавжуд эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, АҚШ мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини жадаллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашиши таъкидланди.

Инсон салоҳиятини ривожлантириш, жумладан, фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватлаш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий дастурларни амалга оширишда конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистонда тинчликни ўрнатиш, шунингдек, ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди. Майкл Помпео Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликка эришиш, Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашга доир аниқ инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.