Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида айрим раҳбар ва ходимларни ишдан бўшатди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, йиғилишда жорий масалалар, амалга оширилган ишлар ва йўлга қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

Йиғилишда хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи О. Қурбонов, Бухоро вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи Б. Асадов, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш. Гадоев, Пешкў тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А. Салихов, Қоракўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ф. Норов ҳамда 6 нафар профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ж. Болтаев, ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М. Мустафоев, 1-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Т. Абдуллаевларнинг ҳар бирига интизомий жазо чоралари берилди.

Маълум қилинишича, ўтган йил давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони 8,5 фоизга, шу жумладан, қотиллик 31,6 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 15,9 фоизга, босқинчилик 50 фоизга, ўғирлик 28,3 фоизга, фирибгарлик 10,4 фоизга камайишига эришилган. Вилоятнинг 179та маҳалласида жиноятлар содир этилмаганлиги, 170та маҳаллада эса, жиноятлар кўрсаткичининг камайишига эришилганлиги эътироф этилган.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасидан келиб чиққан ҳолда, вилоятнинг Ғиждувон туманида аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, улар билан тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида тумандаги 4та ички ишлар бўлимининг ҳар бирига ички имкониятлар ҳисобидан қўшимча хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимларини жорий этиш бўйича таклиф киритилди.

Вилоят ҳокими Ўктам Барноев йиғилишда таъкидланган камчиликлар юзасидан фикр билдириб, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича йўл хариталарни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.