2020 йилда банк мижозларини масофадан туриб, идентификация қилиш амалиёти устидаги ишлар якунига етади. Шундан сўнг, исталган банкда масофадан туриб ҳисоб рақам очиш имконияти пайдо бўлади, уйдан чиқмай тўловларни амалга ошириш ҳамда банкнинг бошқа хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Бехзод Ҳамроев Халқаро пресс-клуб сессиясида маълум қилди.

Ўзбекистон банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага кўра, ҳисобварақлар очиш учун ҳужжатлар мижознинг имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчасида кўрсатилган ёки мижознинг ишончномаси асосида вакил қилинган шахслар томонидан шахсан тақдим қилиниши керак.

Марказий банк раиси ўринбосарининг билдиришича, тижорат банклари фаолиятида рақамлаштириш масаласига катта эътибор қаратилади, шундан сўнг мижозларга янги қулайлик пайдо қилинади.

Бундан ташқари, соғлом иқтисодий муҳитни яратиш мақсадида Марказий банк жорий йилдан инфляцион таргетлаш йўлига ўтди.

Бехзод Ҳамроевга биноан, ажратиладиган кредитлар қайта молиялаш ставкасидан паст фоизда берилмаслиги керак. Шунингдек, Марказий банк бу йил кредитлаш сиёсатида бироз ўзгаришлар кутилишини маълум қилган.