Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси натижасида беш киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ички ишлар вазириги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Фожиали ҳодиса 1 февраль куни 8:30 да содир бўлди. 19 ёшли Cobalt ҳайдовчиси Ш. Б. автомобиль бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва 21 ёшли С. М. бошқарувидаги Damas билан тўқнашган.

Damas ҳайдовчиси ва унинг йўловчилари — 55 ёшли Ш. А., 27 ёшли Д. Э. ва 28 ёшли М. С. — олган жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган, яна уч йўловчи шифохонага ётқизилган. Улардан бири 24 ёшли С.А. шифокорларнинг сайъ-ҳаракатларига қарамасдан ҳаётдан кўз юмган.

Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши одамлар ўлимига сабаб бўлса) жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.