Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида содир бўлган бахтсиз ҳодиса юзасидан махсус текшириш комиссияси хулосаси эълон қилинди. Унга мувофиқ, фожиада вафот этганлар оилаларига бир марталик нафақа пуллари тўланиши белгиланди, деб хабар бермоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати. 2019 йилнинг 18 декабрь куни янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган авария оқибатида олтита қурувчи ҳалок бўлганди.

Ўрганиш натижаларига кўра, бахтсиз ҳодисага ҳандақ қиялик деворини мустаҳкамлаш ишлари жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четланиш ҳолати мавжудлиги, ёғингарчилик сувлари ҳамда оқава қувурларидан сизиб чиққан сувнинг интенсив тупроққа шимилиши сабаб бўлган.

Махсус комиссия хулосасига биноан, жабрланувчиларнинг қарамоғидаги шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида тўртта оиланинг ҳар бирига 261 миллион 938 минг 888 сўмдан, жабрланувчи яна бир оилага 281 миллион 62 минг 782 сўм бир йўла тўланадиган бир марталик нафақа пуллари белгиланди.

Шунингдек, марҳумларнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахсларга ойма-ой тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ҳисоб-китоб қилиниб, амалга ошириш учун иш берувчиларга тақдим этилди.

Вазирлик ахборотида фожиага йўл қўйган мутасаддилар, техник ишларга раҳбарлик қилган шахсларнинг жавобгарликка тортилгани борасида маълумот йўқ. Қолаверса, қурилиш лойиҳасига етказилган зарар ҳисоби ҳам айтилмаган.