2020 йилдан бошлаб, имтиёзли кредитнинг энг кам ставкаси 16 фоиздан кам бўлмайди. Буни жума куни Халқаро пресс-клуб сессиясида Марказий банк раиси ўринбосари Бехзод Ҳамроев маълум қилди, хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«2019 йил ноябрь ойида президентимиз имзолаган 5877-сонли қарорига асосан имтиёзли кредитлар бўйича бу йилдан бошлаб тартиб ўзгаряпти. Бериладиган имтиёзли кредитлар, дегани уларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий фоиз ставкасида ёки қайта молиялаш асосий фоиз ставкаси баробарида бўлади. Ҳозирги кунда бизнинг асосий фоиз ставкамиз 16 фоиз. Лекин ҳеч кимга кредит етмай қолиш ёки пул етмай қолиш ҳолатлари бўлмайди», — дея қайд этди у.

Бехзод Ҳамроевга кўра, жорий йилда ҳукуматнинг асосий 7 та дастури бўйича банклар томонидан катта кредитлар ажратиш режада бор. Дастурлар ижросида 3 та банк — «Халқ банки», «Микрокредитбанк» ва «Агробанк» фаол бўлиши кутилмоқда.

Марказий банк қайта молиялаш ставкаси 2018 йил 25 сентябрь куни 14 фоиздан 16 фоизга ўсганди. Бироқ 2020 йилдан МБ инфляцион таргетлашга ўтди ва инфляция 2021 йилда 10 фоиз, 2023 йилда 5 фоиз даражасида ушлаб турилиши кўзланмоқда. Бу ставкаларнинг тушишига хизмат қилиши лозим.

Инфляцион таргетлаш — бу давлат идоралари томонидан мамлакатда инфляцияни назорат қилиш учун кўрадиган монетар чора-тадбирлар мажмуи. Бунинг учун ўрта муддатли макроиқтисодий прогноз белгиланиши, прогноздан четга чиққан тақдирда — иқтисодиётдаги мақбул ҳолатга қайтишга имкон берувчи чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилиши керак.

Марказий банкнинг асосий ставкасидан кам рақамларда кредит ажратилиши инфляцияга салбий ўтказиши мумкин. Шу туфайли, мутахассислар кредитлаш сиёсатида имтиёзли тушунчаси айнан МБ қайта молиялаш ставкасига тенг бўлишини маъқуллашмоқда.