2020 йилнинг 22 январь куни ижтимоий тармоқда «Ҳокимлик президент қарорига зид равишда мактабларда текширув ўтказмоқда» мавзусида мақола эълон қилинганди. Халқ таълими вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари ташкил қилинди ва қуйидагилар аниқланди.

Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Султонов Фарҳод Акромовичнинг буйруғи асосида туман молия, ДСЭНМ ва Ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, дарс машғулотига халал берган ҳолда тумандаги 6 та умумтаълим мактабларида текширув ўтказилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари дарс машғулотларига халақит берган ҳолда ўқитувчиларнинг конспект дафтарлари, дарсга тайёрлиги, кундаликлар, мактабда ижро ва меҳнат интизомига риоя қилиниши ҳамда ўқувчиларни дарсдан ташқари машғулотларга жалб этилиш ҳолатларини текширган.

Вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари иштирокида жорий йилнинг 27 январь куни Ўртачирчиқ тумани ҳокимлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Султоновнинг ноқонуний ҳаракати муҳокама этилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимида бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида» қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги қарори талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги таъкидланди.

Муҳокама якунига кўра туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Султоновга умумий ўрта таълим мактаблар фаолиятига асоссиз аралашганлиги, педагог ходимларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокими О.Нурматовнинг 19-Ф сонли фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддасига мувофиқ «Ҳайфсан» интизомий жазоси эълон қилинди.