2017 йил ёзидан буён Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган полковник Самад Турдиев пайшанба куни истеъфога чиқди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, у Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан жиноятда гумон қилинаётган шахс ўлгунича калтаклангани ортидан ўз хоҳиши билан вазифасидан бўшаган. Бу ҳақда вилоят ИИБда бўлиб ўтган брифингда ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов (суратда — ўнгда) маълум қилган.

Брифинг шов-шувли иш бўйича тергов жараёни ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш учун ташкил этилди. «Газета.uz» Daryo нашрига таяниб мол ўғирлигида гумонланаётган 32 ёшли Ю. А.нинг ИИБ ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилиши ҳодисасини ёпти-ёпти қилишга урингани ҳақида ёзган эди. Ҳалок бўлган фуқародан ташқари, ота-ўғил Қурбон Остоноев ва Баҳром Алиқулов ҳам шафқатсиз равишда калтакланган. Улардан калтакланганини айтмасликни сўраб, бунинг учун рози қилинишига ваъда беришган.

Шоҳрух Ғиясов ўз нутқида ушбу иш ички ишлар вазирининг назорати остида эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, воқеадан бир кун ўтиб, ички ишлар вазирлиги вакиллари текширув ўтказиш учун вилоятга етиб борган ва текшириш бошланган.

У олдиндан текширмасдан туриб баҳоламасликни сўради, бироқ Чироқчи туманидаги бўлимда жуда ҳам кўп камчиликлар аниқланаётганини тан олди.

Аввалроқ Чироқчи туман ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўладиган даражада қасддан баданга шикаст етказиш), 235-моддаси 3-қисми (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Жиноят иши доирасида икки нафар ИИБ ходими қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Бош прокуратураси назорати остига олинган.