Президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳолат ҳам танқид қилинди. Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти, дея қайд этди президент.

Шунингдек, ўтган йили 4 та аэропортда «очиқ осмон» режими жорий этилиб, «бешинчи ҳаво эркинлиги» ўрнатилган эди. Аммо ҳанузгача биронта ҳам хорижий авиакомпания жалб қилинмади. Бу ҳолат йўловчиларнинг асосли эътирозларига, бошқа хорижий авиакомпаниялар хизматидан фойдаланишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, Жаҳон банкининг тавсиялари асосида соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва рақобат муҳитини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Навоий ва Термиз халқаро аэропортларини юк ташиш хабига айлантириш мақсадида «очиқ осмон» режимини жорий этиб, хорижий юк ташувчи авиакомпанияларни кенг жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Янги авиакомпаниялар фаолияти учун шароит яратиш ва парвозлар географиясини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Автомобиль ва жамоат транспорти соҳасида ҳам муайян камчиликлар бор.

Аҳолига қулай ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишни таъминлаш мақсадида йўналишлар учун очиқ тендерлар ўтказиш, жамоат транспортига оид тариф ва тартибларни қайта кўриб чиқиб, рақамлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиб, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тез фурсатларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги назорат органларининг иш услуби эскича экани кўрсатилиб, уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Худди шу куни туризмга бағишлаб ўтказилган бошқа бир йиғилишда давлат раҳбари самолёт ва поездларда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги йўловчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Оқибатда кўпчилик хорижий ташувчилар хизматини танламоқда. Темир йўл ва авиа йўналишларимиз кенг қамровли ва рақобатбардош эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига Ўзбекистоннинг 4 аэропортида жорий этилган «очиқ осмон» режимидан тўлиқ фойдаланиш, янги авиа йўналишлар очиш, тезюрар поездлар сонини кўпайтириш, чипталар нархини арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йўлбўйи туризм инфратузилмасини ривожлантириш, «туризм қишлоғи», «туризм овули» ва «туризм маҳалласи» лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.