Хитой ҳукумати ҳозирда янги турдаги короновирус тарқалган Ухань шаҳридан чет эл фуқароларини эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмаётганини эълон қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ мамлакатнинг Пекиндаги элчихонасига таяниб хабар қилди.

27 январь куни Хитой ТИВда бўлиб ўтган брифингда Хитой чет эл фуқароларининг ўз ҳудудидаги хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча халқаро мажбуриятларни бажариши эълон қилинган.

Вазирлик ва идоралар, шунингдек провинция ва шаҳарларнинг расмий идоралари чет эл дипломатик миссияларига уларнинг Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа шаҳарларида муаммога дуч келган фуқаларолари хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳар қандай кўмакни кўрсатишга тайёр.

«Ҳозирда Ухань шаҳри мамлакатнинг бошқа шаҳарларига қараганда хавфсизроқ. Чунки у ерга энг яхши мутахассислар, энг илғор қурилма ва технологиялар сафарбар қилинган», — дея ишонч билдирди Хитой ТИВ.

Брифингда хотиржамликни сақлаш зарурлиги, саросимага тушиш вируснинг ўзидан ҳам кучлироқ таҳдид бўлиши мумкинлиги, Хитой бугунгача вужудга келган барча кенг кўламли эпидемияларни бартараф этган, коронавирусни ҳам енгиши таъкидланган.

Элчихона яна бир бор январь ойида Ухандан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишни қатъий тавсия қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига +86 135 1102−4242 (Бобур Яхяев), +86 139 1175−4476 (Шухрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255−5772 (Азиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.