Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Aytingchi…» лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг икки президенти — Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатини таққослади.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов жуда талабчан раҳбар эди.

«Марҳум Ислом Абдуғаниевич билан бевосита кўп йиллар мулоқотда бўлдик, ишладик, вилоятда раҳбар бўлдим, шаҳарда раҳбар бўлдим. Ўрганадиган тарафлари жуда кўп эди. Сабаби, талабчанлик нуқтаи назаридан, берилган топшириққа муносабати, кадрларга баҳо бериш… Кўзингизга қараб алдаяптими, йўқми — билиб олар эди. Ва кейинги масала, гаплашиб, суҳбат қилганда, фалон лавозимдаги билан нимага бундай хатоликларга йўл қўйилди, нима учун бундай бўлди, мана шу жойнинг қаерида оқсоқлик бор, деган нарсани сўраши кўп бўлар эди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев пастдаги ҳолатгача тубдан яхши билади дея қайд этди Қашқадарё ҳокими.

«Энди бугунги (президент) муҳтарам Шавкат Миромонович билан ишлаганимизда, у киши энг пастдаги ҳолатгача тубдан яхши билади. Тасаввур бор. Ҳали қанчалик даражада ўзгарганимизни ҳам жуда яхши билади. Шу нуқтаи назардан берилаётган топшириқ айнан муаммонинг ечимига қаратилган», — деди Зойир Мирзаев.

«Иккинчи масала — очиқлик. Тўғрисини айтиш керак, илгари ҳам қайсидир маънода очиқлик бўлган. Сиз бугун танқид билан чиқдингизми, кейин сиз ишламайсиз. Ишлашга ҳаққингиз ҳам йўқ. Иккита танқидни тасаввур ҳам қилманг. Бундай тармоқлар, оммавий ахборот воситаларининг қайси бирида бўлишидан қатъи назар. Илгари ҳаммаси давлат тасарруфида бўлган. Танқидлар бўларди, лекин пастга тушиб, ҳоким бир ўзику, ўзи эплай олмайди, қайсидир вазир, қайсидир юқорида Тошкентда ишлаётганлар ёрдам берсин, деган нарса камдан-кам ҳолатда бўлган», — дея таъкидлади ҳоким.

Ҳозир кўз олдингизга келтирсангиз, бугун бу вазир келибди, фалон жойда қабул қилибди, бош прокурор, ички ишлар вазири, ҳаттоки маслаҳатчилар, бош вазир ўринбосарлари қабул қилибди, деган нарса, сайёр қабуллар — ўрганиб қолдик биз. Лекин, ваҳоланки бу янгиланишку, янгилик бу нарса.

Зойир Мирзаев қўшни мамлакатлар билан алоқалар мавзусига ҳам тўхталиб ўтди.

«Қўшнилар билан муносабатни ҳам мисол қилиш мумкин. Биз ҳаттоки ўша жараёнларнинг бошида мен бош вазир ўринбосари сифатида айрим давлатларга борганимда, бизда шу даражада очиқлик бўлаяпти, чегаралар очилаяпти, деганимизда улар ишонишмаган. Сабаби 20 йилдан зиёд вақтда биз ёпиқ бўлганмиз. Барибир Ўзбекистон очилмайди, деган нарса бўлган. Хўп дейишардию, сендан олдингилар ҳам шундай деганди, дегандай ишонмаган ҳолатлар бўлган», — деди у.

Ҳоким сифатида президент билан мулоқотдан анча йироқ бўлганини таъкидлаб ўтди.

«Ҳоким сифатида… дардингизни айтиш масаласи. Мулоқотдан анча (йироқ) бўлганмиз. Бу ҳам рост. Сиёсатни қоралаш эмас, лекин ҳоким сифатида қўлингиз, кучингиз етмаганини айтиш, пировардида халқнинг оғирини енгил қилиш, халқнинг муаммоси турганини айтиш… Майли, сизга оғир бўлар, сизга қаттиқ зарба бўлиб қайтиб келар. Лекин сиз бир мартага: «менинг қўлимдан келмаяпти. Аҳоли мана шундан норози, деб айтишингиз керак эдику. Бугун биз айта оламиз», — деди ҳоким.

Хушнудбек Худойбердиев ҳокимларнинг президент билан тўғридан-тўғри алоқа бор-йўқлигини сўради. Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, улар ижрочи сифатида аввал Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилишади.

«Иккинчидан, бир ойда камида икки ёки уч марта айнан президент раислигида видеоселекторлар ўтказилади. Биздан фармонлар тўғрисида очиқ сўрашади. Масалан, охирги марта мева-сабзовотчиликни ривожлантириш тўғрисидаги фармон муҳокама қилинди. Бир ҳафта олдин вилоятнинг ҳар бир ҳокими қарор лойиҳасини олдик, ўргандик. Сўралаяпти: „Қандай фикрларингиз бор? Ҳоким сифатида қандай фикрингиз, қандай таклифингиз бор?“ Жуда кўп таклифлар бўлди. Шахсан ўзлари сўраяптилар. Қани, бу нима беради? Пастдаги. Ҳаттоки қўшимча ва ўзгартишлар ҳам киритилди. Худди шундай шаклда биз селекторда бевосита мулоқотга чиқа оламиз», — деди у.

Ҳоким видеоселектор вақтида масалага тегишли бўлмаган бошқа мавзуларга ҳам тўхталиб ўтиш имконияти пайдо бўлганини таъкидлади.

«Президент вилоятда икки кун бўлганида, автобусда юрадилар. Ўшанда олдида вилоят ҳокими ўтиради. Бу объектдан нариги объектга боргунча бир ярим-икки соатлик йўлда фақат ҳоким билан мулоқот қилади. Қани гапиринг, нима муаммонгиз бор, деб сўрайди. Шошилмасдан, батафсил эшитадилар. Оилавий аҳволдан бошлаб ҳаммасигача», — деди Зойир Мирзаев.

У яқинда вилоят ҳокими бўлганлиги сабабли у Шавкат Мирзиёевдан ҳали ҳам шахсий қўнғироқни қабул қилмаганлигини билдирди. Шу билан бирга, у Ислом Каримов унга ҳеч қачон қўнғироқ қилмаганини тан олди.

«Йўқ, бундай бўлмаган. Биз ҳозиргина Вазирлар Маҳкамаси, бош вазир билан суҳбатлашганмиз. Унинг вилоятга ташрифи давомида? Икки марта бўлган. Машинада объектгача 20−25 дақиқа юрганмиз. Чунки узоқ юрилмасди у пайтда. Мулоқотда бўлганмиз, сўраганлар, топшириқлар олганмиз. Машинада олиб юриб айтган вақтлари ҳам бўлган», — деди у.

Аввалроқ Зойир Мирзаевнинг ариқ воқеаси бўйича илк бор изоҳ бергани ҳақида ёзган эдик. У бу воқеадан жиддий хулосалар чиқаргани ҳамда хатолари учун жавоб бериши кераклигини тушуниб етганини таъкидлаган эди.