24 январь куни Тошкент ИИББ ходимлари томонидан ички ишлар идоралари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган ва ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган шахсларни текшириш пайтида улардан 39 та пичоқ олиб қўйилди, дея хабар қилди пойтахт бошқармаси матбуот хизмати.

Хусусан, соат 23:30 атрофида Бектемир туманидаги «Қўйлиқ» бозори яқинида бир эркак хужжатларини текшириш учун тўхтатилган вақтда унинг хатти-ҳаракатлари ички ишлар органлари ходимларида шубҳа уйғотди. У шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортди ва яқин атрофдаги ички ишлар бўлимига бориш сўралганида, яширинишга ҳаракат қилди. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи 24 ёшли Х. И. билан ўтказилган текшириш пайтида унинг устки кийимининг чўнтагидан пичоқ топилди. У пичоқни қандай мақсадда олиб юрганини тушунтириб бера олмади.

Худди шу куни Сергели туманида соат 02:10 атрофида патруль-пост хизмати ходимлари 33 ёшли К. Б.ни ҳужжатларини текшириш учун тўхтатди. У ҳужжатларини тақдим этиш сўралганида ўзини жуда тажовузкор тутди. Шахсий тинтув пайтида эркакнинг ёнидан пичоқ чиқди. Вазиятни аниқлаштириш учун у туман ички ишлар бўлимига олиб борилган.

Тахминан соат 10:50 атрофида Шайхонтоҳур туманида «Хадра Миллий Таомлар» кафеси яқинида яна бир эркакнинг хатти-ҳаракатлари ИИББ ходимлари эътиборини тортди. Текширув вақтида Андижон вилоятидан бўлган 40 ёшли Б.К. шимининг чўнтагида пичоқ олиб юргани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан маъмурий баённомалар тузилди. Тошкентда ўткир буюмларни олиб юриш ва улар ёрдамида тан жароҳатлари етказилишига қарши профилактика чоралари давом эттирилади, дея қайд этди ИИББ.