Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси учун PWC ва Arup консультация хизматларини кўрсатувчи компаниялари томонидан дастлабки техник иқтисодий ҳисоб-китоб ҳужжатлари тайёрланмоқда. Бу ҳақда Давлат-хусусий шериклик ривожлантириш агентлиги хабар бермоқда. Таъкидланишича, ушбу компаниялар февраль охирига қадар керакли ҳужжатларни тақдим этади.

Дастлабки маълумотларга кўра, йўл узунлиги 350−360 км атрофида бўлади. Асосан тўрт йўлакдан иборат бўладиган йўл қуриш лойиҳаси республика миқёсида юқори иқтисодий-ижтимоий таъсирга эга. Ушбу лойиҳани уч босқичда: 1. Қамчиқ автомобиль туннели, 2. Тошкент-Ангрен йўли, 3. Қўқон-Андижон йўли амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳанинг дастлабки молиявий ва техник ҳисоб-китоблари тақдим этилгандан сўнг Жаҳон банки билан лойиҳани амалга ошириш бўйича битим имзоланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, йўл қопламаси цемент ёки бетон бўлиши, транспорт оқими ва йўл атрофида жойлашган объектларга таъсири ва бошқа муҳим техник-иқтисодий ва тижорий масалалар техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар жараёнида (октябрга қадар) аниқланиши лозим.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилса, тендер ҳужжатлари тайёрланиб (2021 апрелга қадар), тендер босқичлари амалга оширилиши ҳамда тендер ғолиби билан 2022 йил апрелда давлат-хусусий шериклик асосида битим имзоланиши кутилмоқда. Қурилиш ишлари 2025−2026 йилгача давом этади.

2019 йил 9 декабрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланганди.

Ҳужжатга мувофиқ, Қамчиқ (Тошкент ва Наманган вилоятлари) ва Тахтақорача (Қашқадарё) довонларида иккита янги пулли тунел ҳамда учта пулли автойўл — Сирдарё ва Бахт шаҳарларини айланиб ўтишда (Сирдарё вилояти) ҳамда Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўлларини қуриш режалаштирилмоқда.